бўлиб қолди, яъни раҳбарлик қилиш ҳуқуқига эга Apple’нинг расмий вакилига айланди. Бу Жобснинг иззат-нафсига тегди. “Дилим оғриди. Марккула мени тарк этди. Скотти иккови мени Lisa’га раҳбарлик қилишга қодир эмас, деган хулосага келишди. Мен бу ҳақда кўп ўйладим, бундай илтифотсизлик мени ранжитди”, – деди Жобс.
9-боб. Очиқ акциядорлик жамияти. Бой ва машҳур
Опционлар
1977 йил январда Марккула Жобс ва Возняк билан бирлашиб, ширкатни Apple Computer Co.га айлантираётганида, улар компания нархини 5309 долларга баҳолашганди. Тўрт йилдан кам вақт ўтгач, компаньонлар очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этиш керак деган қарорга келди. Синов тарзида чиқарилган биринчи синов акциялари суммаси кутилганидан ҳам зиёда бўлди; бунақаси 1956 йилда Ford Motors акциялари билан кузатилганди. 1980 йилнинг охирида Apple’нинг нархи 1,79 миллиард долларга етди. Компаниянинг 300 нафар акциядори миллионерларга айланди.
Лекин Дэниел Коттке улар орасида йўқ эди. У Жобснинг университетдаги энг яқин дўсти эди, у билан бирга Ҳиндистонга борганди, олма фермасидаги жамоада яшаганди. Стив Крисэнн Бреннан билан жанжаллашиб юрганида, улар бирга уйни ижарага олганди. Коттке Apple’га келган пайтда компания Жобснинг гаражида жойлашганди ва компанияда ҳали ҳам соатбай асосда ишларди. Лекин бундай лавозим билан акцияларни сотиб олиш учун Apple илк акциялар чиқаришдан олдин ўз ходимларига эълон қилган опционга умид қилиб бўлмасди. “Мен Стивга тўлиқ ишонардим, у дўстини унутиб қолдирмайди деб ўйлардим ва унга босим ўтказишни хоҳламасдим”, – деб тан олади Коттке. Лекин Коттке расман штат муҳандиси эмасди, балки соатбай ҳақ тўланадиган техник бўлиб ишларди, штатда ишламайдиган ходимларга опционлар берилмасди.
Ҳатто, шунга қарамай, Котткега “таъсис этувчи акциялар”ни таклиф қилиш мумкин эди, лекин Жобс ўзи билан бошида елкама-елка бўлганларни унчалик суймасди. “Стив ва содиқлик – бир-бирига зид тушунчалар. У бефаволик тимсоли. У қачонлардир ўзига яқин бўлганларни ташлаб кетади”, – дейди Энди Херцфельд. У компанияга асос солинган илк даврда Apple’да муҳандис бўлиб ишлаганди.
Коттке Жобсни хонаси олдида пойлаб ўтиришга ва уни қўлга тушириб, ундан ҳаммасини дангал сўрашга қарор қилди. Лекин Жобс ҳар гал қўл силтаб дўстига эътибор бермасди. “Нега Стив менга бундай лавозимда ишлайдиганларга опцион берилмайди деб тўғрисини айтмаганини ҳеч қачон тушунмаганман, – деб ҳайрон бўлади Коттке. – Нима бўлса ҳам у менинг дўстим эди. Алдашнинг нима кераги бор эди? Ундан акциялар ҳақида сўраганимда, у менга тўғридан-тўғри бошлиғим билан гаплашишни маслаҳат берди”. Биринчи очиқ таклифдан деярли ярим йил ўтгач, Коттке охири ўзини қўлга олиб, ҳаммасини муҳокама қилиш учун Жобснинг хонасига келди. Лекин у Котткени шу қадар совуқ кутиб олдики, Котткенинг юраги дов бермади. “Мен овоз чиқармай йиғладим. У билан шу-шу гаплаша олмадим, – деб эслайди у. – Дўстлигимиз ниҳоясига етди. Афсус”.
Таъминот блокини терган муҳандис Род Холтда опционлар