Уолтер Айзексон

Стив Жобс


Скачать книгу

ёмон ишларди ва тез бузиларди. 1980 йилнинг майида ишлаб чиқарилган Apple III муваффақиятсизликка учради. Муҳандислардан бири бўлмиш Рэнди Уиггинтон бунга шундай изоҳ берди: “Apple III гуруҳ бўлиб жинсий алоқа қилиш натижасида туғилган болага ўхшарди: кутилганидек, у ҳаромзода бўлиб чиқди, муаммолар пайдо бўлганида ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олгиси келмади”.

      Жобс бу вақтга келиб Apple III устида ишлашни тўхтатиб, унга бутунлай ўхшамайдиган янги маҳсулот яратиш ҳақида ўйлаётганди. Сенсор экран ҳақидаги ғояга қизиқиб қолди, лекин тезда ҳовридан тушди. Техник ечим намойиш этилиши керак бўлган навбатдаги учрашувга Стив кеч келди, диққат билан эшитмади, безовта бўлаверди, кейин эса маърузачини “раҳмат, етади” деб илтифотсизлик билан тўхтатди. Муҳандислар хафа бўлди. “Балки, биз умуман кетганимиз маъқулдир?” – деб сўрашди улар. Жобс маъқуллагандай бўлиб бош силкиди ва улар унинг вақтини беҳуда олаётганини айтди. Кейин у бутунлай янги компьютер яратиш учун Hewlett-Packard’дан Apple’га иккита муҳандис олиб келди. Стив танлаган ном энг тажрибасиз психиатрни ҳам сергаклантирарди: Lisa. Бошқа компьютерлар ҳам муаллифларнинг болалари шарафига аталарди, лекин Лизани Жобс ташлаб кетганди ва уни ўз қизи деб узил-кесил тан олмаганди. “Эҳтимол, у айбдорлик ҳисси туфайли шундай қилган, – дейди Режис Маккенна агентлигининг PR-менежери Андреа Каннингем. У шу лойиҳани юритганди. – Компьютер унинг қизига аталганини бекитиш учун биз аббревиатура ўйлаб топишимизга тўғри келди”. Оқибатда Local Integrated Systems Architecture (“интеграциялашган тизимларнинг маҳаллий тузилмаси”) расшифровкаси пайдо бўлди; унинг маъноси деярли йўқ эди, лекин у ўша номнинг расмий изоҳи бўлди. Муҳандислар ўзаро уни Lisa: Invented Stupid Acronym (“Лиза аҳмоқона аббревиатура”) деб атарди. Йиллар ўтгач, Жобсдан нега компьютерни бундай ном билан атадинг, деб сўраганимда, Стив оддий қилиб шундай жавоб берди: “Албатта, қизимнинг шарафига”.

      Lisa’га 16-бит микропроцессор ўрнатилган бўлиши керак эди (Apple II’да 8-бит эди). Янги компьютернинг тахминий нархи 2 минг доллар бўлди. Apple II устида бамайлихотир ишлаб юрган даҳо Возняксиз муҳандислар стандарт матн дисплейига эга энг оддий компьютерни лойиҳалаштиришди; микропроцессор, гарчи кучли бўлса-да, бирор-бир қойилмақом жиҳати билан ажралиб турмасди. Жобс ўртамиёна машина яратилаётганини тушуниб етди. Бу унинг ғазабини келтирди.

      Лекин лойиҳага жон киритиш йўлини топган дастурчи бор эди: Билл Аткинсон, аспирант-нейробиолог, ўз вақтида у ҳам гиёҳвандликка ружу қўйганди. Унга Apple’да ишлаш таклиф қилинганда у рад этганди. Лекин унга қайтариб берилмайдиган самолётга чипта юборишганди, шунинг учун Аткинсон чиптани олиб, Жобс билан суҳбатлашишга қарор қилди. “Биз келажакни ихтиро қиляпмиз, – деди унга Стив уч соатлик суҳбатнинг сўнгида. – Ўзингизни кашфиётлар тўлқини чўққисида деб тасаввур қилинг. Нафасингиз тиқилиб қолади! Энди шу тўлқинга етиб олишга ҳаракат қилаётганингизни хаёлингизга келтиринг. Бундай ҳолатга тушиб қолиш унча ёқимли эмас, тўғрими? Шунинг учун бизга қўшилинг. Оламда ўз изимизни қолдирамиз”. Аткинсон