керак эди. Ярмаркани “Уй компьютерлари клуби”нинг доимий иштирокчиси Жим Уоррен уюштирди ва Жобс бундан хабар топиши билан Apple учун стендни банд қилиб қўйди. Тақдимот самарали ўтиши учун у залнинг қоқ марказидан жой эгаллашни хоҳлади ва беш минг доллар аванс тўлади. Бу билан Вознякни хижолатда қолдирди. “Стив биз ўзимизни овоза қилишимиз, буюк компаниянинг ноёб комьютерини бутун дунёга кўрсатишимиз керак, деган хулосага келди”, – деб сўзлайди Возняк.
Бу Марккула ўйлаб топган қоиданинг амалда татбиқ этилиши эди: унутилмас таассурот қолдириш учун аудиторияни чексиз имкониятлар билан лол қолдириш керак, айниқса, сўз янги маҳсулот ҳақида кетаётган бўлса. Жобс Apple кўргазма майдонини безатишга алоҳида эътибор қаратди. Бошқа иштирокчиларда оддий столлар ва плакат тахталари қўйилганди; Apple’нинг кўргазма майдонига эса қора духоба билан қопланган пештахта ва Яноф чизган янги логотип туширилган ойнасимон пластмассадан ясалган безак ўрнатилди. Пештахтага учта Apple II компьютери қўйилди, ёнига эса бўш қутилар жойлаштирилди, улар тайёр компьютерлар кўп эканлиги ҳақида тасаввур пайдо қилиши керак эди.
Компьютерларнинг корпусида кичик нуқсонлар борлиги маълум бўлгач, Жобс дарғазаб бўлди ва бир нечта ходимни ярмарка бошлангунига қадар компьютерларни силлиқлаб ялтиратишга мажбур қилди. Оммада таассурот уйғотиш истаги шу қадар кучли эдики, бу ҳатто Жобс ва Вознякни ҳам ўзгаришга мажбур қилди. Марккула уларни пиджак, шим ва нимчадан иборат костюм олиш учун Сан-Францискодаги ательега юборди. Костюм уларга ярашмади, улар смокинг кийиб олган ўсмирларни эслатарди. “Марккула биз ҳаммамиз дурустроқ кийим кийишимиз кераклигини айтди ва ўзимизни қандай тутишни, одамлар билан қандай гаплашишни тушунтирди”, – эслайди Возняк.
Бундай саъй-ҳаракат ўзини оқлади. Оч жигар ранг корпусли Apple II кўркамлиги билан ажралиб турди, бундан ташқари, у рақобатчиларнинг қўрқинчли металл машиналари ёки шунчаки қуп-қуруқ монтаж платаларидан фарқли равишда оддий ва қулай эди. Компания кўргазманинг ўзида 300 та компьютерга буюртма олди; бундан ташқари, Жобс тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи япониялик Мицусима Сатоси билан учрашди. У Apple’нинг Япониядаги биринчи расмий вакили бўлди.
Лекин Марккуланинг насиҳатлари ҳам, дурустроқ кийим ҳам тинч туролмайдиган Вознякка оммани лақиллатишга халақит бермади. Улар кўргазмада кўрсатган дастурлардан бири одамнинг миллатини унинг фамилиясига қараб аниқлаб берарди, шундан сўнг, экранга шу мавзудаги ҳазилни юборарди. Яна у Zaltaire номли янги сохта компьютер реклама буклетини ўйлаб топди ва тарқатди; маҳсулотнинг таърифи баландпарвоз ибораларни такрорларди, масалан: “Беш ғилдиракли машинани кўз олдингизга келтиринг…”. Жобс бунга лаққа тушди ва маълум вақт Apple II’нинг рейтинги Zaltaire’никидан юқорилигидан мағрурланиб юрди. У саккиз йилдан сўнг Возняк унга туғилган кунига ўша буклетнинг ромга солинган нусхасини совға қилмагунига қадар ҳазилни ким уюштирганини билмади.
Майк Скотт
Энди