жалб қила бошлади. Илк венчур молиячиларидан бири Артур Рокда Жобс билан танишув дастлаб ҳеч қандай таассурот уйғотмади. Марккула томонидан юборилган Стив “ҳозиргина Ҳиндистондан қайтган одамга ўхшарди, – деб эслайди Рок, – ҳиди ҳам шундай эди”. Лекин Рок Apple II’ни ишлатиб кўриши билан компанияга пул тикди ва директорлар кенгаши аъзосига айланди.
Apple II (турли модификацияларда) ўн олти йил давомида сотилди; жами қарийб олти миллион компьютер сотилди. Айнан у шахсий компьютерлар тарқалишига энг кўп таъсир кўрсатган компьютер бўлиб чиқди. Возняк томонидан ишлаб чиқилган монтаж платалари ва тизим дастурий таъминоти унинг номини тарихга абадий ёздириб қўйди. Лекин уни қандай қиёфада етказиш – таъминот блокидан тортиб то корпуси ва қутисигача – айнан Жобснинг ихтироси. Бундан даромад олишни ҳам Жобс ўйлаб топди. Режиса Маккенна бу ҳақда шундай дейди: “Воз энг зўр компьютер яратди, лекин Стив Жобс бўлмаганида унинг ихтироси техника ҳаваскорлари дўконларининг токчаларида ҳалигача чанг босиб ётган бўларди”. Лекин кўпчилик Apple II тўлалигича Возняк шарофати билан пайдо бўлди, деб ҳисобларди ва бу Жобсни янги марраларни забт этишга ундарди. У ўзининг ролини бошқалар тан олишини истарди.
7-боб. Крисэнн ва Лиза
Ўша ташлаб кетилган Лиза…
Мактабни битириб, иккови тоғдаги кулбага кўчиб ўтган ўша ёздан буён Крисэнн Бреннан гоҳ Жобс билан алоқасини узар, гоҳ яна у билан учрашиб юрарди. 1974 йили Жобс Ҳинсдистондан қайтганида, улар Роберт Фридланд фермасида тўпланишди. “Стив мени бирга боришга таклиф қилди. Биз ёш эдик, осон ва тортинмай гаплашдик. У мени ўзига тортарди”, – деб эслайди Крисэнн.
Стив ва Крисэнн Лос-Альтосга қайтганидан кейин уларнинг муносабати аста-секин дўстона муносабатларга айланди. Стив ота-онасиникида яшар ва Atari’да ишларди; Крисэнн ижарада турар ва деярли бутун вақтини Кобун Чино дзен-марказида ўтказарди. 1975 йилнинг бошида у Стивнинг ва ўзининг дўсти Грег Кэлхун билан ишқий муносабатларда бўлди. “У Грег билан эди, лекин вақти-вақти билан Стивнинг олдига қайтиб келарди, – деб айтади Элизабет Холмс. – Умуман олганда, биз ҳаммамиз ўшанда шундай яшардик: гоҳ учрашиб юрардик, гоҳ муносабатларимизга нуқта қўярдик. Етмишинчи йиллар шундай эди”.
Кэлхун Ридда Жобс, Фридланд, Коттке ва Элизабет билан бирга ўқирди. Бошқалар каби у ҳам шарқча руҳий амалиётларга қизиқарди. У университетни ташлаб, охир-оқибат Фридланднинг фермасида, майдони 3 га 6 метрлик собиқ товуқхонада қўним топади; Грег у ерда шлакобетондан уйча ясаб, ичига ётоқ қуриб олди. 1975 йилнинг баҳорида товуқхонага Бреннан кўчиб ўтди, кейинги йили улар Кэлхун билан Ҳиндистонга сафар қилишга қарор қилишди. Ўшанда Жобс Грегни Крисэнни олиб кетишдан қайтаришга ҳаракат қилганди, у унга руҳий изланишда халақит беришини айтганди, лекин Грег ва Крисэнн барибир бирга кетишди. “Стив Ҳиндистонга саёҳатга бориб келгач, у билан юз берган ўзгариш менда шу қадар катта таассурот қолдирганки, менинг ҳам у ерга боргим