беш йил давомида гоҳ бирга, гоҳ бўлак яшадик, – дейди Бреннан. – Бирга бўлсак, диққат бўлардик, айри яшасак, зерикардик”. 1977 йили Шукроналик куни Колорадодан Жобсникига Грег Кэлхун меҳмонга келди. Бреннан унга янгиликни хабар қилди. “Биз Стив билан биргамиз, мен ҳомиладорман, лекин муносабатларимиз мураккаб ва мен нима қилишни билмаяпман”, – деб айтди Крисэнн.
Жобс ўзини бунга алоқаси йўқдек тутаётганини Кэлхун ҳам сезди. У ҳатто Грегни шу ерда қолиб, Apple’да ишлашга ҳам кўндирди. “Стивнинг Крисэнн билан, унинг ҳомиладорлиги билан умуман иши йўқ эди, – деб эслайди Кэлхун. – У бир одамга қаттиқ ишқи тушиб қолиши, кейин эса яна ўзи билан ўзи бўлиб қолиши мумкин эди. Бундай бефарқлик кишини қўрқитарди”.
Жобс муаммони тушунишни истамаса, у муаммо йўқдек уни эътиборсиз қолдирарди. Баъзида у воқеаликни нафақат бошқалар, балки ўзи учун ҳам ўзгартира оларди. У ўзига Крисэнннинг ҳомиладорлиги ҳақида ўйлашни тақиқлади. Ундан буни дангал сўрашса, боланинг отаси эканига шубҳаси борлигини айтарди, лекин Бреннан билан бирга бўлганини инкор этмасди. “Бола меникилигини аниқ билмасдим: Крисэнн ахир фақат мен билан бирга бўлмаганди-ку, – деганди у менга кейинчалик. – Крисэнн бўйида бўлиб қолганида у ҳатто менинг расман севгилим ҳам эмасди. Шунчаки биз билан бир уйда яшарди”. Бреннанда эса боланинг отаси айнан Жобс эканига шубҳаси йўқ эди. У вақтда у Грег билан ҳам, бошқа эркаклар билан ҳам ишқий муносабатларда эмасди.
Чиндан ҳам Жобс боланинг отаси эканини билмаганми ёки ўзини алдаганми? “Менимча, у шунчаки бу ҳақда ўйлагиси ва жавобгарликни зиммасига олгиси келмаган”, – деб тахмин қилади Коттке. Элизабет Холмс бу фикрга қўшилади: “Стив оталикни қабул қилса ва уни рад этса нима бўлишини чамалаб кўрди ва иккинчи йўлни танлади. Унинг бошқа режалари бор эди”.
Никоҳ ҳақида гап ҳам бўлмаган. “Мен унга уйланишни истамаслигимни тушунгандим, чунки биз бахтли бўла олмасдик ва тезда бир-биримиздан қочиб кетардик. Аборт энг яхши йўл эди, лекин Крисэнн нима қилиш ҳақида ҳеч ҳам бир қарорга кела олмасди. У узоқ вақт иккиланди ва охири болани қолдирди. Умуман олганда, бу онгли қарор бўлганини билмайман. Шунчаки болани олдириб ташлаш муддати ўтиб кетган бўлиши ҳам мумкин”, – дейди Жобс. Бреннан эса менга болани онгли равишда қолдирганини айтганди. “Стив абортга қарши эмаслигини маълум қилган, лекин ҳеч қачон бундай қарорга келишга мени ундамаган”. Жобс биргина боланинг бировга асраб олишга берилишига эътироз билдирганди (бунинг ажабланарли жойи йўқ: ўзининг тарихини эслаш кифоя). “Стив болани бегона инсонларга беришдан мени қайтарди”, – деб эслайди Крисэнн.
Қизиқ ўхшашлик: Жобс ва Бреннан 23 ёшда эди. Стив туғилганида Жоан Шибла ва Абдулфаттоҳ Жандалийнинг ҳам ёши 23 да эди. У вақтда Жобс ҳали ҳақиқий ота-онаси кимлигини аниқламаганди, лекин Пол ва Клара бу воқеани унга қисман айтиб беришди. “Мени ҳам шундай ёшда ташлаб кетишганини билмасдим. Бу Крисэнн билан орамиздаги воқеада ҳеч қандай роль ўйнамади”, – деб таъкидлайди