чуқур нафас олиб суҳбатга хулоса ясайди:
– Сиз энди бу ерда эмассиз. Бугунингизни қайтариш учун йўлга отланасиз.
Шундан қўрққан эдим. У учинчи муқаддас сафарга чиқиш пайти келганини бир неча марта шаъма қилганди. Узоқ саксон олтинчи йилда, Сантьяго-де-Компостела зиёрати пайтида, Ўз Тақдирим ёки Тангри белгилаган йўл билан юзма-юз бўлганимдан бери ҳаётим тубдан ўзгарди.
Ўшандан бери мендан талаб қилинганларни итоаткорлик билан бажариб келардим. Ахир бу ўзимнинг танловим ва Худонинг хоҳиши эди. Мен дарбадарликка муккасидан кетган эдим. Тинимсиз кўчиб юрардим ва айнан шу саёҳатларда муҳим сабоқларни ўзлаштирдим.
Умуман жаҳонгашталикка бўлган иштиёқ менда аввалдан, ёшлигимдан бор эди. Охир-оқибат аэропорт ва меҳмонхоналардаги ҳаёт саргузаштларга бўлган иштиёқимни сўндиргани рост. Оз бўлса ҳам бир жойда тинч яшай олмаслигимдан нолиганимда эса мени тушунишмасди. “Ахир саёҳат ажойиб-ку! Пулимиз бўлганида биз ҳам худди шундай яшардик”.
Бироқ саёҳатларда асосийси пулмас, балки довюраклик. Мен бутун ёшлигимни дунё бўйлаб сандирақлаб ўтказдим. Ўшанда менда пул бормиди? Йўқ. Мен топилган нарса билан озиқланиб кетаверар, вокзалларда ухлар, тил билмаганим боис йўлни кўрсатишни ҳам сўрай олмасдим. Кейинги тунни қаерда ўтказишимни ҳам билмасдим. Энди бўлса ўша кезларни ҳаётимнинг энг сурурли дамлари сифатида эслайман.
Ҳафталаб йўл юриб, нотаниш тилга қулоқ тутиб, қиймати номаълум бўлган пулларда ҳисоблашиб, бегона шаҳар кўчаларидан одимлай туриб тушунасанки, ўзинг билган “мен”инг бу чорловларга умуман алоқадор эмас. Қалбинг туб-тубида ўзга ажиб бир киши, яна ҳам чапани, ҳаётга ва янги синовларга янада очиқ инсон мавжудлигини англайсан.
Ниҳоят кун келиб, “Етар!” дейсан.
– Етар! Сафарлар мен учун янгилик бўлмай қолган.
– Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас, – фикрида қатъий туради Ж. – Бутун умримиз – сафар, бешикдан то қабргача. Дераза ортидаги манзара ўзгаради, одамлар, эҳтиёжлар ўзгаради; поезд эса кетаверади. Ҳаёт – поезд, вокзал эмас. Сиз эса сафар қилмагансиз. Жой ўзгартиргансиз, холос. Булар бошқа-бошқа нарсалар.
– Бу ҳеч нимани ўзгартирмайди. Ўтган ҳаётимда йўл қўйган ва бундан пушаймон бўлган хатомни тўғрилаш керак бўлса, бунга ҳозироқ тайёрман. Бу зиндонда мен фақат ўзимга раҳнамо деб билган кимсанинг, сизнинг буйруқларингизга бўйсундим, холос. Бундан ташқари, мен камида тўрт кишидан кечирим сўрадим.
– Шундай бўлса-да, ўзингизга теккан қарғишнинг манбасини топа олмадингиз.
– Сизга ҳам теккан-ку, ахир? Сиз унинг манбасини топдингиз-ку?
– Ҳа, топдим. Ишонаверинг, мендаги қарғиш сизникидан анча қўрқинчли эди. Сиз бир марта қўрқоқлик қилдингиз, мен эса кўп марталаб виждон амрига терс бордим. Ҳозир бўлса, шу кашфиёт туфайли мен озодман.
– Ахир гап замон бўйлаб саёҳат устида боряпти-ку? Маконимни ўзгартиришнинг нима кераги бор?
Ж. кулади:
– Шунинг учунки, ҳар биримиз гуноҳларимиз