Чарльз Уилан

Яланғоч иқтисодиёт


Скачать книгу

бойроқ (сўз ўйини учун маъзур тутасиз) мазмунга эга. Ниманингдир ҳақиқий қиймати унга эришиш учун нимадан воз кечишингиз билан белгиланади. Ҳар доим фақат пулдан эмас, кўп нарсалардан воз кечилади. Агар олти соат ёмғирда тик оёқда навбат кутган ва концертга текин чипта олган бўлсангиз, бу вазиятда “текин” деган тушунча ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Бошқа мисол: дейлик, инжиқ мижозингиз билан учрашувга кеч қоляпсиз. Уни куттириб қўйсангиз, у эллик минг долларлик транзакцияни бекор қилиши мумкин. Бундай вазиятда учрашувга бориш учун 15 долларлик такси ўрнига 2.75 долларлик автобусдан фойдаланиш сизга арзонга тушади, деб бўлмайди. Дўконга бориб, чегирмага савдо қилиш арзонга тушади, аммо кўпроқ вақтингизни олади. Мен ёзувчиман, асарларим учун қалам ҳақи оламан. Янги оёқ кийим олишда эллик доллар тежаб қолиш учун машинамда 144 километр юриб, Висконсин штати Кеноша шаҳридаги дўконга боришим мумкин. Ёки тушлик учун ажратилган вақтда Мичиган шоҳкўчасидаги “Nordstrom” дўконига кириб, оёқ кийим сотиб олишим мумкин. Мен одатда иккинчисини танлайман, умумий харажатим 225 доллар бўлади. Шунингдек, кетган ўн беш дақиқа вақтим ва онамнинг: “Нега Кеношага бориб келмадинг?” ‒ дея муқаррар койишларини ҳам бу ҳисобга қўшиб қўйиш лозим.

      Инсон ўз хатти-ҳаракатлари билан нархнинг баландпастлигига муносабат билдиради. Бирор нарсанинг нархи тушиб кетса, у кўзимизга жозибалироқдай кўринади. Нарх ва талабнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатадиган талаб эгри чизиғини чизганингизда ёки Янги йил байрамининг эртасига одамлар бир неча кун аввал нархлар юқори бўлгани учун сотиб олмаган маҳсулотларини қандай талашиб-тортишиб олаётганини кўрганингизда буни тушунасиз. Тескариси ҳам бўлади: бирор нарсанинг нархи ошса, биз ундан камроқ фойдалана бошлаймиз. Бу ҳолат ҳаётдаги ҳамма нарсага, ҳатто сигарет ва кокаинга ҳам тегишли. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кокаиннинг кўча нархи ўн фоизга тушса, вояга етган кокаин истеъмолчилари ўн фоизга кўпаяр экан. Яна бир шунга ўхшаш ҳолат: тадқиқотчилар ҳисоб-китобларига кўра, тамаки саноати билан ҳукумат ўртасидаги биринчи таклиф этилган келишув тасдиқланганда (бу келишув тасдиқланмаган, 1998 йилда АҚШ Сенати рад этган), бир қути сигарет нархи 34 фоизга кўтарилган бўларди. Ўз навбатида, нарх ошиши чекадиган ўсмирлар сонини тўртдан бирга камайтирар ва чекиш оқибатида юзага чиқувчи касалликлардан вафот этадиган ўн етти ёки ундан ёшроқ америкаликлар сони 1.3 миллионга камайган бўларди.14 Албатта, жамият бошқача тарзда чекишнинг “нархини оширди”, лекин бунинг сигарет қутилари нархи билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бугунги кунда иш пайтида чекиш учун тўлайдиган товонингиз – чекиш учун офисдан ташқарига, ўн етти даража иссиққа чиқишингизга тўғри келишидир.

      Харажат тушунчасининг кенг маъноси жуда муҳим ижтимоий ҳодисаларни изоҳлаб беради. Улардан бири ривожланган мамлакатларда туғилиш сони камайиб кетаётганидир. Бугунги кунда фарзандли бўлиш эллик йил олдингидан кўра анча қимматга