ндашилди. Жумладан, Жалолиддин Румий ижоди ҳам бундан мустасно эмас. Фақатгина мустақилликдан сўнг мамлакатимизда мазкур адиб ҳаёти ва ижодига холис баҳо бериш имконияти туғилди. Чунончи, сўнгги йилларда Шарқнинг ушбу буюк даҳо адиби ижоди борасида олимларимиз томонидан қатор тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда Румий мерос қолдирган нодир асарлар аслиятдан ўзбек тилига ўгирилиб, кенг ўқувчилар оммасига тақдим этилди.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган турк адиби Меҳмет Ўндернинг “Мавлоно” биографик асари таржимасига ҳам ана шундай эзгу ният илинжида қўл урилди. Бошқача қилиб айтганда, ягона мақсадимиз буюк Мавлононинг “Ё бўлганингдек кўрин, Ё кўринганингдек бўл” ўгитига амал қилиб, Жалолиддин Румий сиймосини имкон қадар бор бўю басти билан ўқувчиларимиз кўз ўнгида гавдалантиришдир.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ҳали болалик чоғидаёқ валийлик аломатлари зуҳур этган Мавлоно ҳаёти дебочаси хусусида ишорали бир тарзда шундай маълумот беради: “Аларнинг валодати Балхда эрмиш, олти юз тўртда, Раби ул-аввал ойининг олтисида. Дебдурларки, Мавлоно ҳазратлариға беш ёшидин бери ғайбе сувар ва руҳоний ашкол, яъни малойика суфраси ва хавос инсу жин пардасики, қибоби иззат мастурларидур- лар, зоҳир ва мутамассил бўлурлар эрмиш”.
Туркиянинг Қўнё шаҳри Жалолиддин Румий мақбараси қошида ташкил этилган Мавлоно музейи директори лавозимида узоқ йиллар фаолият юритган Меҳмет Ўндер Мавлоно ҳақидаги биографик асарида Жалолиддин Румийнинг “Маънавийи маснавий”, “Девони кабир”, “Фиҳи мо фиҳи” асари ҳамда замондошларига ёзган 147 мактубдан иборат “Мактубот”и қатори Султон ул-уламо Баҳо Валаднинг “Маъориф”, Шамс Табризийнинг “Мақолот”, Мавлононинг ўғли Султон Валаднинг “Ибтидонома”, шунингдек, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” каби асарларидан кенг фойдаланганини кўрамиз. Айниқса, ХV аср мавлавийшунос олим Афлокий Аҳмад Даданинг “Маноқиби орифин” рисоласи “Мавлоно” асари учун асосий манба бўлиб хизмат қилган.
Шуни ҳам айтиш керакки, муаллиф мазкур манбалар билан чекланмай, ўз навбатида, Ғарб тарихчи олимлари Виллай Дурант, Морис Барес, Мариан Хери ва “Маснавийи маънавий”ни инглиз тилига ўгирган Рейнольд А. Никольсонларнинг қарашларига ҳам мурожаат қилган.
Мазкур биографик асарнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ўзбек ўқувчиларига илк бор Мавлоно Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодининг тадрижий такомили борасида яхлит маълумот беради. Муаллиф жаҳоншумул адибнинг Балхда Султон ул-уламо Баҳо Валад хонадонида таваллуд топиб, Қўнёда вафот этгунга қадар кечган муҳим ҳаётий воқеликларини қаламга оларкан, шу билан бирга, ХII аср бошларидаги сиёсий вазиятга ҳам тўхталиб ўтади. Хусусан, Мовароуннаҳру Хуросонни ўз ичига олган Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳукмдори Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳамда Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар қўшини ўртасида кечган курашнинг салбий оқибатларига эътиборни қаратади.
Шунингдек, ўқувчилар Мавлоно ҳаёти ва ижоди баробарида буюк мутафаккир адибнинг “Маънавийи маснавий” асари, рубоий, ғазаллардан таркиб топган “Девони кабир” (“Улуғ девон”) куллиёти, мутасаввуф олимнинг диний ва дунёвий қарашлари, фалсафий мушоҳадалари суҳбат ҳолида ҳикоя, мисоллар орқали акс эттирилган “Фиҳи мо фиҳи” (Нимаики Ундадир, Ундандир), асари ва ниҳоят, турли даврларда олиб борган ёзишмаларини ўз ичига олган “Мактубот” каби нодир асарларининг битилишига сабаб бўлган ёхуд бевосита кўмаги теккан муршиди комил Шамс Табризий, салжуқийлар саройи амири Сулаймон Парвона, котиб Ҳисомиддин Чалабий, заргар Шайх Салоҳиддин ҳамда ўғли Султон Валад каби тарихий шахслар ҳақида ҳам етарлича маълумотга эга бўлишади.
Бундан ташқари Мавлононинг шахсияти, яшаш тарзи, оила, аҳли аёл ва яқинларига бўлган ибратомуз муносабати ҳам кишини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, аёлларга муомала, муносабат масаласида уларга бемаъни зуғум, тазйиқ ўтказишдан кўра аёл зотига яратилиш фитрати ҳамда руҳиятининг инжаликларига хос ва мос равишда ёндашилмоғи лозимлиги ҳақидаги фикрлари яна бир бор унинг ўрта аср муҳитида нақадар илғор дунёқарашга эга бўлганлигидан далолат беради.
Мавлоно нафақат Ислом динидаги турли оқим ёхуд мазҳаблар ўртасидаги тушунча-ю тасаввурларни ягона нуқтага бирлаштира олди, шу билан бирга, ўз давригача мавжуд бўлган мухталиф динлардаги муштарак қарашларни ҳам уйғунлаштириб, асарларида юксак даражада талқин этди. Зеро, унинг буюклиги ҳам, асарларининг якдилликка чорловчи куч-қудрати ҳам шунда.
МАВЛОНО
Хом эдим / Пишдим / Ёндим
I БЎЛИМ
БАЛХ ШАҲРИДА БИР ОЛИМ: ОЛИМЛАР СУЛТОНИ БАҲОУДДИН ВАЛАД
Бугунги кунда шимоли-ғарбий Афғонистонни ҳам ўз ичига олган Ўрта Осиёнинг Туркистон ҳудудида деярли барча аҳоли туркий тилда гаплашади. Орол денгизига қуйилган Амударёнинг бу қисмида, Эрон чегарасига яқин эски тижорат йўли устида Балх шаҳри қад кўтарган. Хуросоннинг ушбу кекса шаҳри ўзининг неча минг йиллик тарихи давомида озмунча сиёсий ва ижтимоий воқеаларга гувоҳ бўлмаган. Асрлар оша турли истилолар остида эзилган ҳамда турли