акахон пенсионернинг олдига бориб ўтирдим. Гурунглари ўша-ўша бир зайлда. Улар ҳам бошлиқни кутяпти экан. Бошлиқни кутяпти эканлар. Пенсиясини нақд олиши фақат бошлиқнинг имзоси билан экан. Кутяпсизми, десам, бошқа нима иложимиз бор, мана, шунча одам кутяпти-ку, дейишди. Кутишнинг машқини роса олган кўринадилар. Оббо, дедим, битта чидамаётган ўзим эканман-да.
Кўзим ҳалиги икки болали аёлда, чақалоғи ингиллайди, терга пишиб кетган она тебратади, силкитади, қани овуна қолса, каттаси онанинг қўлидан тортади, кетайлик деб.
Мижоз камайгани йўқ, бирови усталда ўтирганларнинг олдида, бировлари ўриндиқларда, ҳаммаси ниманидир кутяпти, жим. Бирон одамдан садо чиқмайди. Битта мен олабўжи бўлиб кириб-чиқиб, асабим ўйнаб юрибман.
Яна икки марта Ҳашаротхонни йўқлаб кирдим, хонадагиларга балодай кўриниб қолдим. Сўкиб беришлари ҳам мумкин эди-ю, лекин ёшим, кейин, “протокольний” кийинганим сури босди. Айтиб бўладими, галстук таққан одамдан ҳар бало кутиш мумкин. Қўлидан бало ҳам келмайди-ю, лекин кайфиятни бузади. Ҳа, Ҳашаротхон азада экан, нимага тушунмайман! Таксида келаётган эдт-ку, шунақаси азага ўтиб кетибдими, деб сўрай дедим-у, тилимни тийдим.
Шанба куни бўлгани учун банкнинг иш вақти учда тугар экан, уч ҳам бўлди. Мен ҳам ҳолдан тойиб тамом бўлдим. Э-э бор-э, пластик карточкасининг ҳам падарига лаънат, деб чиқиб кетаётган эдим, мелиса йигит тўхтатди. Ана, Ҳашарот опа келдилар, деб шивирлади. (У ёқ-бу ёққа юравериб бунинг ҳам кўзига қадалиб қолган эдим-да. Кейин чиқаётганда жилмайиб хайрлашганидан англадим, бошдан тусмол таниган, айтмаган.) Толиққанимни ҳам унутиб, долонда икки ҳатлаб Ҳашаротхонга етдим. Менга қаранг, Ҳашаротхон сизми, дедим. Ҳа, мен, деди Ҳашаротхон, менга савол беришга ҳадди сиққан бу ким бўлди экан деб синовчан тикилди. Азадан келаётган аёлга ҳеч ўхшамади, юриши саллона, ясан-тусани ёшига яраша, рисоладагидек. Қаерда юрибсиз, дедим. Аёл қошини кериб, таажжубланди, мен сўраб кетганман, деди. Кимдан, дедим, мендан сўрамадингиз-ку. Ҳашаротхон ким эканини ўзи айтар деб, сукут қилди. Қўрқманг, мен юқоридан эмасман, текширишга келганим йўқ, лекин қаерга кетганингизни мен билишим керак, чунки мижозман, дедим. Сизни икки соатдан бери пойлаяпман, азада, дейишди, ҳеч қанақа азага бормагансиз, зиёфатдан келяпсиз ё дўкон айлангансиз, дедим. Сизни деб шу икки соатлик умрим куйиб кетди. Майли, одамнинг иши чиқади. Мен фалон вақти келаман ёки менга келганларнинг ишини тўғрилаб туринглар, деб бировга тайинлаб кетмайдими? Банк ходими икки соат ишда бўлмай, мижозларни куттирса, қуюшқонга сиғадими шу, деб маъруза ўқиб кетдим. Раҳбарлик пайтларимда бу ишнинг ҳадисини олганман. Вой, майли, ўша икки соат умрингизни мен бера қолай, менинг умримдан олинг, деди Ҳашаротхон. Менга қаранг, сизнинг бетайин умрингизни бошимга ураманми! Мана, ҳаммаларинг бетайинсизлар, хонама хона юрибсизлар ликиллаб, бирон мижознинг иши битгани йўқ. Сиз ўзи ниманинг ҳисобидан ойлик оласиз? Биласизми шуни! Банкингиз қайси маблағ ҳисобига яшайди? Шунақа