Сирожиддин Саййид

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)


Скачать книгу

бериб кетар бу қиз.

      Тезроқ егин, шоколатдай

      Ҳозир эриб кетар бу қиз.

2005

      ОДАМЗОТ

      Қанча сурувларни одамзот еди,

      Барра ширвозларни еди одамзот.

      Семиз қўчқорларнинг бошига етди,

      Айтинг, қай манзилга келди одамзот?

      Туриб илик ейди,

      Гўшт ейди ухлаб,

      Зарра парвоси йўқ китобга, куйга.

      Ҳозир у ётибди қорнини силаб,

      Ўзи ҳам айланиб қолганми қўйга?..

2004

      СИЙМТАН БОЙВУЧА

(Ҳазил)

      Қадду қоматингга ғоят ярашган

      Зарбоф кўйлагингда ҳамма нарса бор.

      Унда ёқаю енг бир жой талашган,

      Ундан уфуради севги ва баҳор.

      Сенга етишсайди – ёришиб олам,

      Ғариб уйгинаси нурга тўларди.

      Шу бир кўйлагингга “уйлансайди” ҳам

      Бир камбағал йигит бахтли бўларди.

2005

      НУҚТАИ НАЗАР

      Ватан надир –

      Шоҳ шоирини

      Соғинчда йиғлатган бир қовунидир.

      Шоир кимдир –

      Мир Алишер бобонинг

      Биринчи ва мангу муовинидир.

      Шеър гарчи шоирнинг кўксида ёнган,

      Бўғзини куйдирган олов унидир.

      Шеърият – гул эмас, чечакмас, асли

      Руҳ ва кўнгилларнинг кир совунидир.

2005

      “ИЛТИМОС, СУЯНМАНГИЗ”

      Илтимос, суянмангиз.

        Сўзларнинг ҳурматини

      Сақлангу сансираманг.

      Елкалари яғирдир,

        Сизмас, унга оғирдир.

      Илтимос, суянмангиз,

        Дунёнгиз ҳансираган.

      Илтимос, суянмангиз,

        отангиз ҳолдан тойган,

      У сизни суйиб, суяб

        еткизди камолотга.

      Бирор зот қолмаганда,

        одамзот қолмаганда,

      Мозорларга ёш тўкинг,

        суянманг жаҳолатга.

      Ниш чиқарган куртаклар

        ғўраларга айланар,

      Бирга ўсган жўралар

        тўраларга айланар.

      «Дўстлик бору дўстлар йўқ»2.

        Дош беринг, куйинмангиз,

      Душманга ҳам суянманг,

        дўстга ҳам суянмангиз.

      Йиллар бўяр бошларни

        тирикликнинг қорига,

      Қайғу келса – ғам чекманг,

        бахтига – суюнмангиз.

      Илтимос, суянмангиз

        қаллобларнинг зўрига,

      Каззобларнинг зарига,

        илтимос, суянмангиз.

      Мардлик бору мардлар йўқ.

        Рост келган оятларда,

      Мардларга ҳам суянманг,

        суянманг номардларга.

      Инсонлари паст кетса

        муттаҳам бу дунёнинг,

      Бобораҳим Машрабнинг

        бир сатрига суянинг.

      Разолатнинг қўлини

        доллартўра ҳалоллар,

      Нокасларда ранг бўлмас

        қанчалар бўянмангиз.

      Менинг гул чаманимга

        керак эмас даллоллар,

      Илтимос, суянмангиз!

      Ҳаёт надир – бир умр

        айрилмоқ ҳам куйинмоқ,

      Шоҳ Бобур айтгандайин

        ўз