деб аталмиш манзил бўлганлигидан шоҳидлик беради. Сафед Булон юртимизда ислом дини тарқалиши ва қарор топишида ўта муҳим ўрин тутган ва асрлар давомида Фарғона водийсининг диний-маърифий марказларидан бири бўлиб келган. Ўнинчи аср охири ва ўн биринчи аср бошларида бунёд этилган ҳамда ЮНЕСКОнинг ислом осори-атиқалари рўйхатига киритилган “Шоҳ Фозил” тарихий-меъморлик ансамбли ҳам фикримизнинг яққол далили.
1842 йили Шералибекнинг Қўқонга хон қилиб кўтариш маросими ҳудудида Пайғамбаримиз авлодлари дафн этилган муқаддас Сафед Булон қишлоғида амалга оширилганлиги бежиз эмас. Ўша йили янги хон Шералихон бошлиқ лашкарларнинг Сафед Булондан бошланган юриши Қўқон хонлигини Амир Насруллодан тортиб олиш билан ниҳоясига етганлиги маълум. Атоқли адиб Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” кўп жилдли асарларидаги баъзи воқеалар ҳам шу ер билан боғлиқ.
Устачилик мазкур қишлоқ аҳлига бобомерос. Дурадгорлик, ганчкорлик Сафед Булонликларнинг асосий касбларидан бири ҳисобланади. Сафед Булонлик усталарни Саҳалинда, Сургутда, Самарада ҳатто Истанбулу Парижларда ҳам учратишингиз мумкин. Қўшимча даромадни деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликдан олишади. Дўппидек қишлоқда енгил машиналар мингдан ортиқ. КаМАЗлар, япон автомобиллари ҳақида гапириш ортиқча.
– Сафед Булонликлар устазода бўлса, мардикор ёллайдими? – деган савол туғилиши мумкин. Албатта, ёллайди, фақат иккинчи даражали ишларга. Қўшни қишлоқлардан келадиган мардикорлар ёзда гувала билан ғишт қуйишади. Кузда олма териб, ғайлони ёришади.
Сафед Булонликлар эътиқоди мустаҳкам, аҳил, уддабурон, гапга чечан. Аскияга ўч, санъат ва адабиётнинг ашаддий мухлиси.
Ҳамқишлоқларимнинг ғурурлари баланд. Отдан тушса ҳам узангидан оёғини узгуси келмайди. Сафед Булонликларнинг арзимаган айби ҳам бор, гоҳида пиёда юриш ўрнига оғизларида юриб қўйишади…
Қўлингиздаги китобга шу ажабтовур қишлоқ одамларининг ғаройиб ҳангомаларидан баъзиларини жамлашга ҳаракат қилдик. Ҳиссиёт устун келиб, айрим ўринларда қуюшқондан чиқиб кетган бўлсак узр сўраймиз.
Отам гул тергани кетган эди…
Ҳар кимга ўзи туғилиб ўсган гўшаси, овули азиз. Жумладан, камина учун ҳам киндик қоним тўкилган қишлоғим Сафед Булон қадрли ва мукаррам. Отамнинг оталарини Шокир аттор дейишган. Дадам ёлғиз ўғил бўлганлари сабабли, ирим қилиб, Адашбой деб исм қўйишган. Камина ҳам шу боисдан Турсунбой деб аталганман. Онамнинг исмлари Зубайдахон бўлиб, оталари Мулла Абдумажид Асқаров 1940 йилдан 1956 йилга қадар Каравон ва Олабуқа туманларида ягона ҳисобланган масжидда имом-хатиб хизматини ўтаган. Бобомнинг укаларини Обиджон ота дейишарди. Ҳар икковлари қишлоғимизнинг сувоқчи усталари бўлиб, оилани ана шу касб эвазидан тебратишган.
1944 йилнинг январь ойларида отам ичтерлама касалига чалиниб қолди. Бу оғир дарднинг ташвиши бизни анча эсанкиратди. Келбатли, шоп мўйловли отам озиб-тўзди. Март ойининг бошлари, бойчечаклар