йўналди. Тушдан кейин дадам мени чақириб, олдидаги ёғоч шокосада масжиддаги ҳовуздан сув олиб келишимни ўтиниб, кигизни аста қайирди ва ерга туфлаб “Қани, ўғлим, шу туфугим қуримасдан олиб келсангиз, мен Сизга Намангандан карнайни овози билан извошни изидан олиб келаман” деди. Мен ғизиллаб чопиб, ярим-ёрти сувни чолпитиб изимга қайтдим. Дадам кулиб косадаги муздай сувни симириб бўлгач: – Раҳмат, ўғлим, мана ишга ҳам яраб қолдингиз, энди абангизни чақиринг, – деди. Тандирдан нон узаётган онамлар саватни даҳлизда қолдириб ичкарига ошиқди. Мен бобомларнинг уйига қараб зинғилладим… Авжи бойчечак очилган кунлар эди. Отамнинг жўралари “Дадангиз гул тергани кетган, яқин орада қайтади” дейишса чиппа-чин ишониб кўпга қадар отамнинг йўлини пойлаганман…
Овулдошлар меҳри билан
Ўсиб-униб, кўкарганман.
Қишлоғимнинг тупроғини
Бошим узра кўтаргайман.
Қабристонга кўмилган хазина
Шундай қилиб, бобомнинг тарбиясига ўтдим. У киши ўта талабчан, ички интизомга қатъий амал қиладиган одамлар сирасига кирарди. Набираларининг орасида фақат мен эркароқ эдим. Урмасдан, сўкмасдан, фақат тагдор гаплар билан интизомга чақирарди. Масжиддаги юмушлардан бўшаган кезларида беш-ўн яшик асаларига қарар, чорбоғдаги меваларни парвариш қиларди. Шанба ва якшанба кунлари Подшоота, Саноч тарафлардан келган қирғиз оғайниларига калимаи шаҳодатни ўргатарди. Кунларнинг бирида бобомнинг дўсти Қутмон оқсоқолнинг қизи, Асқар Қутмоновнинг синглиси Халича чертмак – қўбизда “Ҳой булбул” куйини ижро этганди. 1946 йилнинг қиш кунлари бобом бозиллаган сандал атрофида бизга Алиф Лайло ҳақидаги эртакни ўқиб бераётган пайтларида кимдир ташқаридан чақириб қолди. Бобомнинг қара-чи, деган ишорасига биноан, ташқарига чиқсам, хўжалигимиз раиси Абдуллажон Шайитов, “Бувангиз борми?” деди. Дарҳол ичкарига кириб, бувамга раис йўқлаб келганлигини айтдим. Ярим соатлар орасида бобом уйга қайтиб кириб, “Меҳмонхонага сандал қурамиз”, деб қолдилар. Шолча ва кигизларни қорга олиб чиқиб қоқдик. Авазхон тоғам бобом белги қўйган ерни, меҳмонхонанинг ўртасини кетмонда ўйди, биз қумғон ва челакдаги иссиқ сувни пешма-пеш ташидик. Бобом ганжинадаги китобларини икки қаватдан иборат учхонали токчаларнинг тепадаги қисмига яхшилаб териб чиқди ва токчаларни бўғишга ишлатиладиган махсус нафис ғиштларни суюқ лой билан қиррасидан ўрнатиб, уларнинг оғзини ёпди. Бироз нафас ростлагач, тоғам тайёрлаган лойларни андава билан шу қадар силлиқладики, ҳатто ғиштларнинг чоклари ҳам кўринмай қолди. Биз набиралар нима учун сандал қуриш зарур бўлиб қолганлигини тушунмай ҳайрон эдик. Кейин сандал учун қазилган жой тозаланиб, чор тарафи сувалди. Ташқарига гулхан ёқилиб, ўрик ўтинларнинг чўғини меҳмонхонадаги сандал учун ҳозирланган ерга пайдар-пай ташиб алмаштириб турдик. Тоғам қайдандир бироз оҳак топиб келди. Қолган юмушни бобом поёнига етказди. Туни билан хандақдан чўғни узмадик. Кейин эл ётган