Аъзам Аҳмад

Ўзим билан ўзим


Скачать книгу

кетади. Кейин мана бу эски оғилни бузиб, ўрнини текислайсан. Биронта шопир билан тоғдан беш-олти мошин тош ташийсан. Бирон тонна семон, уч мингта ғишт қуясан. Оғилнинг ўрнига, кейин ташиб қийналмайсан-да. Теришига, майли, ўзим қарашаман, аммо бошқа ҳамма ишни ўзинг қиламан, ўргатаман. Уч уй, биттаси мана бунақасига тушади. Бу ёғи айвон. Иморатни қулинг ўргилсин қилиб битирасан, ана ундан кейин – тўй. Келинни янги уйга туширмасак уят бўлади, ҳамма шундай қиляпти. Сенинг бошқалардан кам жойинг йўқ. Ўзинг қара, шу чолдеворга келин обкелиб бўладими? – У пойдевори ердан бир қулоч кўтарилган, деразалари уч тавақали, томи шифер билан қопланган, оқланган беш хонали иморатга ишора қилди. – Сенга янги уй керак. Бир чолу кампирга шу чолдевор ҳам бўлаверади. Сўғин… пул топишнинг ҳам йўлини ўйла. Токайгача сени боқаман? Энди бизни боқадиган вақтинг ҳам келди… Майли, сени кўчага ташлаб қўймайман – минг сўм бераман. Иморат учун. Ана, бор-э, новвосни ҳам тўйингга атадим. Бозордан биронта мол олиб бераман. Боқиб семиртирсанг – фойдаси сеники, зарар қилсанг – тўлайсан. Лекин қолганини ўзинг топасан. Тўйга ҳам беш-олти минг керак. Нима қиласан? Ишлайсан-да. Бригадирдан сўраб кўрай-чи, аравани берармикан. Кейин, пахта тугагач, Пиримнинг қаватига кириб тракторчиликни ҳам ўргансанг… Ҳозир тракторчи ҳам ойда икки юздан ошириб туширади. Ола хуржунни елкалаш осон эмас. Жамийки нарса пулга боғлиқ бўлиб қолди. Ҳозир қизлар то тўйгача, то шип этиб оёқ-қўлингни боғлагунча илжайиб: «Султон акажон, сизсиз менга дунё қоронғу», деб юради, кейин хат олиб, хат беришлар қаёқда? Пул олиб, пул беришади.

      Султоннинг қўлидан болта тушиб кетай дерди.

      – Бунақада… уч йилда ҳам… – дея олди у.

      – Ҳа? Уйланиш – олма пиш, оғзимга туш эмас. Агар бу ишларни эртароқ битираман, пулни бир ойда топаман, десанг ҳам – ихтиёринг. Мен чўзиб ўтирмайман. Ёки, шунча вақт мени кутиб ўтирмайди, деб қўрқаяпсанми? Кутади, яхши кўрса – кутади. Сен янги уйга тушириб оламан десанг, обрўйи-да, қайтанга боши осмонга етади. Ё яхши кўрмайдими?

      Султон ерга қараганча қизариниб ғулдиради:

      – М-м, нега энди…

      – Бўпти-да, – деди Шерқўзи.

      Бироқ Султоннинг саволи бор эди:

      – А, келаси йил ўқишга борасан, деган эдингиз-ку?

      Шерқўзи бунақа анқов болани энди кўраётгандек, жуда «ҳайратланганини» билдириб:

      – Ана холос! – деди. – Қанақа ўқиш? Эсингни еб қўйдингми, ўғлим? Бўйнингга ола хуржун тушаяпти-ю, сен ўқиш дейсан. Хотинингни ким боқади? Сенга ким ҳар ойда етмиш-саксон сўм жўнатиб туради? Буларни ўйлайсанми?

      Султон бўзариб кетди.

      – Ҳе, содда болам! Хотин деб ўлиб-тирилиб пул йиғасан, тушириб ҳам оласан. Тўйдан кейин уч-тўрт ҳафта чилланг чиққунча яшинмачоқ ўйнаб, қувлашиб ҳам юрасан. Кейин… бошланади – рўзғорнинг униси кам, буниси кам. Бир вақт қарабсанки, севги дегани донга қўнган чумчуқдек пир-р этиб учиб кетиб, унинг ўрнига эса хотининг тўрт-бешта чурвақани қаторлаштириб туғиб ташлабди. Шундан кейин дод сол, бақир, қайда – ёшлик қайтмайди, яшинмачоқ ҳам йўқ. Болаларинг катта бўлади, қўлини