қўйди. Мусонинг қаҳқаҳаси оғзида, тиззаларига шапатиламоқчи бўлган қўллари кўтарилганича қолди:
– Ия, бу… қандай бўлди? – деди ўн сўмликлардан кўз узмай.
– Ҳа энди, чой пули қиларсан, – деди Шерқўзи жилмайиб.
Мусонинг юзига мамнун бир табассум ёйилди:
– Кечагидек тезлашиб турсак бўлар экан-ку.
Чамаси бирор соатлардан сўнг Шерқўзи ўша чорпояда ёнбошлаганча, «Бизни ташлаб қайга кетди…» деб хиргойи қилганча хаёл суриб ётарди: «Ҳамма ишнинг чаппа айланиб кетишига сал қолди-я… Мусоқулбой бу йил ёқлармикан? Китоб ёзиш шунча қийин ишми, а? Ҳа, одамларнинг ичидагини билиш осон эмас-да. Ҳеҳ-ҳе, «Туйғуларини оёқости қилишга ҳаққингиз йўқ» эмиш. Ол-а! Ҳа, мана туйғуларини оёқости ҳам қилмадик, катта йўл ҳам очиб бердик. Қани, бу кишининг туйғучалари неча кунга чидар экан? Йигирмата теракни йиқитишни бир ҳафтага чўзади. Кейин оғилни йиқитганда бир чангиб берсин, бир чангиб берсин! «Ота, бу…ни бир едим, иккинчи емайман, ўқишга бораман», деб чопиб келади олдимга. Ишларни санаб берганимда кўзи чиқиб кетди-ю, яна бу киши хотин олармишлар. Шу Соҳибназар аканинг саккизинчига ўтган қизчаси қўғирчоқдеккина бўлибди-да. Э, тавба, умр жуда тез ўтади-я! Соҳибназар ака биринчи хотинини туғмаслиги учун қўйиб юборгани худди кеча эди. Мана, қизи бўй етиб қолибди. Онаси жуда покиза аёл. Султонбойни бир амаллаб ўқишга жойлаштирсак, икки-уч йилни ўтказиб шу жамалаксочга бир оғиз солиб кўрамиз-да».
– Каром, чой-пойинг борми? Эй, бу ўзбекнинг рўзғори…
Шу пайт Шерқўзи сўрининг сузма осилган айрисига қўниб турган кечаги олашақшақни кўриб қолди.
Бунгача Султондан ҳамма гапни оқизмай-томизмай билиб олиб, лабини тишлаб қолган Каромат дамлаб, тиндириб қўйган чойини кўтариб чиққанда Шерқўзи олашақшақ билан қизғин «суҳбат» қурган эди:
– Ҳа, чўқи, чўқи! Шу чакки халтани сен учун осдириб қўйибман. Қачон бу арзанда олашақшағимиз келадию тешиб кетади, деб кечадан бери йўлингда кўзим тўрт. Э, бугун машқинг пастроқ? Нега шақилламайсан? Шақилла, яна бир эшитайлик. Армонинг қолмасин. Шақилла-да-е…
НОИНСОФ МУСО
Мусо яхши йигит – қобилиятли. Лекин сал ўйинқароқ. Буни ўзи ҳам билади, бироқ кўп ҳам куйинавермайди. Бошқалар, масалан, хонада у билан ёнма-ён ўтирадиган Турғун ака насиҳат қилса, Мусо: «Бола бўлсин – шўх бўлсин», дея кулиб қутулиб кетади. Мусо ўзининг яна бир талай камчиликларинн билади, лекин бошқа нарсадан – гарчи феъл-атворида нуқсон ҳисобланмаса ҳам – пулсизликдан кўп қийналади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: отаси уни едирса-ичирса, вояга етказса, беш йил ўқитса-ю, ҳали ҳам унга пул юбориб турса! Мусоқулбой – отасоқол иягига битган давангир йигит – энди отасини боқиш у ёқда турсин, бир бош, бир қулоғини ҳам эплолмаса, ҳар борганида унга сарғайиб, укаларининг ризқидан юлиб келса! Яхшими шу?
Йўқ, Мусо берсанг – ейман, урсанг – ўламан, деган лапашанглардан эмас, ўзини боқиш, мустақил яшаш йўлларини кўп ахтаради. Лекин иложи йўқ-да. Лаборантликнинг ойлиги саксон сўм, чиртинг-пиртинг бўлиб, қўлга етмиш сўмча тегади, бунга