Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

бўлардилар. Қўшнисининг уйига мўралашни яхши кўрадиганлар-чи? Агар улар “Изнсиз бировнинг уйига мўралаган одамнинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади”, деган ҳадиси шарифни билганларида эҳтимол ўзларини бу гуноҳ ишдан тўхтатган бўлардилар.

      Ҳа, бу борада ҳаммамизнинг ўйлаб кўрадиган ишларимиз бор. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Бизнинг ёшлигимизда кўрганимиз шундай эдики, у вақтда ҳеч бир киши ўз олтин-кумушини бошқа мусулмон биродаридан азизроқ ҳисобламас эди. Ҳозир эса, ҳар биримиз учун олтин-кумуш ҳар қандай мусулмон биродаримиздан яхшироқ бўлиб қолди”.

      Бир куни Аллоҳнинг расули (с.а.в.) саҳобалари билан йўлда кетаётганларида: “Қўшниларига азият етказганлар биз билан бирга юрмасин”, –дедилар. Саҳобалардан бири буни эшитиб: “Мен қўшнимнинг девори остига таҳорат ушатиб эдим”, – деб афсусланди. Набий муҳтарам унга қараб: “Сен сафимиздан чиқ”, – дедилар.

      Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар: “Ўғрилик тўғрисида нима биласизлар?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ўғрилик – ҳаром. Уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Набий муҳтарам дедилар: “Ўнта хонадондан ўғрилик қилиш битта қўшни уйидан ўғрилик қилишдан енгилроқдир”.

      Нима учун қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга кўп аҳамият берилади? Сабаби: ён қўшнисига меҳрибон бўлолмаган одамдан узоқдаги нотаниш мусулмон биродарига меҳр-оқибат кутиш қийин. Қўшниларга яхшилик қилиш – жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади. Донишманднинг: “Қўш-ниси яхши қаримас”, – деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Ёмонга қўшни бўлган одам денгиз сайёҳига ўхшайди. У ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдиларки: “Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшайдиган қўшнидир”. Бу ҳикмат асосида ҳар биримиз ўзимизнинг хулқимизга четдан назар ташлаб кўрсак яхши бўларди. Қўшнимиздан яхшиликни талаб қилаверамиз ёки унинг ёмонлигидан нолийверамиз. Хўш, ўзимиз яхшимизми? Бизнинг ёмонлигимиздан қўшнимиз ўзгаларга ҳасрат қилмаётибдими? “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” мақоли айни бизга аталмаганмикин?

      Бир одам қўшнисидан нарвон сўраганда бермаса, ё бирон баҳона қилса, у ҳам вақти келганда ўша қўшнисига кетмонини бериб турмайди. Бу ҳол қўшнилар орасидаги соғлом муносабатни бузади. Қуръони каримда: “Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам кишилардан ман этадиган кимсалардир” (Моъувн сурасидан. “Моъувн” – рўзғор буюмлари маъносини беради.) дейилади. Ибн Касир бу ояти каримани бундай тафсир қилганлар: “Яъни улар Раббиларига ибодатни яхши адо этишмайди, риёкорлик қилишади ва У зот яратганларга ҳам манфаат беришмайди”.

      Нарвон ҳам, кетмон ҳам ейилиб қолмайди. Тўғри, синиб қолиш эҳтимоли бор. Аммо бу фожиа эмас. Тузатса бўлади ёки янгисини сотиб олиш мумкин. Синган буюм эгаси саховатли бўлса, қўшнисини хижолат қилмайди: “Ўзи синай-синай