гапириб беринг”, деб сўрамаганман, уларнинг ҳикояларини тинглаб, қоғозни қоралаб қўймаганман. Тоғамнинг қамоқдаги ҳаётларини билгим келарди, лекин саволлар бериб, азобли яраларини тирнаб, янгилаб қўйишдан чўчирдим. Уларнинг машаққатли, лекин бахтли ҳаётларини кичик-кичик воқеалар баёнидан билиб олганман.
Аяжоним камбағалликдан қийналиб кетган дамларида дадажонимни бўшангликда айблардилар. Айниқса, бирон қариндошимизникида тўй бўлса, бизникида тўёна ва тугун ташвиши бошланарди. Аяжоним кўпроқ ташвишланардилар. Дадажоним эса “сиз пахта дейсиз, мен тахта”, деб иморатнинг чалалигига ишора қилиб кулардилар. Шунақа пайтларда аяжоним: “Ўшанда лапашанглик қилмай, иккита тилла тангани иккита чўнтагингизга ташлаб олсангиз, бунчалик хароб яшамаган бўлардик”, –деб таъна қилардилар. Дадажоним ҳарбийда ўқиб юрган кезлари, йигирманчи йилнинг бошларида амалиёт учунми ё бошқа мақсаддами Бухоро томонларга олиб боришган экан. Қайсидир бойнинг уйи тинтув қилинганда бир хум тилла чиққан экан. Командир чўнтагини тўлдириб олгач, қолганини дадажонимга бериб, штабга олиб боришни амр этган экан. Дадажоним омонатга хиёнат қилмай, олиб бориб топширган эканлар. Аяжоним ана шундан куйган бўлардилар, аслида эса ҳалол эрлари борлигидан рози эдилар. Тўғри-да, иккита эмас, йигирмата тилла тангани яшириб қолган бўлсалар ҳам у қанчага етарди? Икки қоп бўлса, тўкин ҳаёт ҳақида гапирса бўларди – бу менинг болаликдаги фикрим.
Ўша давр ҳақида сўз кетганда менга бошқа воқеалар баёни кўпроқ таъсир қилади. 1971 йилда Бойсунга борганимда йўлдаги кичкина мармартош – лавҳага битилган ёзувларни ўқиб ажабланган эдим. Унда айтилишича, бу ерларда советларнинг машҳур маршали Будённий бўлган экан. Ажабланганимнинг сабаби шуки, йигирманчи йилларда Фрунзе ва Куйбишевларнинг юртимизда олиб борган жанглари ҳақида тарих китобларида маълумот бор, лекин Будённий ҳеч ерда эсланмасди. Бунинг сабабини бойсунлик оқсоқоллар тушунтириб беришди. У шопмўйлов қизил командир чопон кийиб, салла ўраган эркакларни “босмачи” гумон қилиб, қиличдан аёвсиз ўтказаверган экан. Унинг бу ваҳшийлигини яшириш мақсадида у тарих сира эсланмас экан. Дадажоним Бухоро томонларга борганларида татар командирлари қишлоқ аҳолисидан беш-ўнтасини душман гумон қилиб, отишга ҳукм этибди. Бегуноҳ одамлар орқа қилиб туришган экан. “Отилсин!” деган буйруқ янграганда ўгирилиб қарашаркан. Кўз-кўзга тушгач, курсант-аскарлар милтиқ тепкисини босолмай қолишаркан. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач, отда ўтирган командир “оналарингни!..” деб сўкиниб, қиличини шартта яланғочлабди-ю, бегуноҳ маҳкумларга яқинлашиб, худди машқ пайтида ёғочга қўндирилган қовоқларни чопгандай, бир-бир уларнинг каллаларини узиб ташлабди. Икки кундан сўнг дадажоним соқчиликда турганларида узоқдан бир одам от қўйиб кела бошлабди, яқинлашганда қиличини яланғочлаб: “Отма, сен ҳам мусулмонсан, мен ҳам мусулмонман, биз қариндошлармиз!” – деб ҳайқирибди. Гапига қараганда, ёмон нияти йўқ, лекин қилич ўйнатишидан