Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)


Скачать книгу

юборилган лавҳада бирон маълумот аниқланиши лозим бўлса ҳам, телефон ишга тушарди. Шуни назарда тутиб жавоб бердим:

      – Шаҳар комсомолига телефон қилиш керакдир?

      – Шуни ўзингиз боплаб беринг, менинг ишим жуда кўп, улгура олмайман.

      Шундай деб хона бурчагидаги газета тахламини олиб, ниманидир қидира бошладилар. Мен эса гўшакни кўтариб “05”ни тердим. Бахтли одамлар тоифасидан эканман, биринчи уринишдаёқ телефончи қизнинг ёқимли овози эшитилди, довдираб ўтирмай, рус тилида буюртма бердим. Эркин аканинг кўзи газетада, қулоғи эса мен томонда эканини сездим. Гўшакни қўйгач, масъул котиб Ҳамид ака:

      – Тоҳир, ҳисоб рақами билан паролни қаердан биласиз? – деб қолдилар.

      – Ҳар куни эшитаман-ку? – дедим. Кейин буларни ўғринча билиб олгандай уялдим. Улар эса бир-бирларига маънодор қараб олишди. “Иши кўп” деган Эркин ака чиқиб кетмадилар. Қоғоз олиб русча газетадаги мақолани таржима қила бошладилар. Бахтлилар тоифасидан эканим ярим соатга қолмай яна бир бор исботланиб, Бухоро шаҳар комсомол комитети билан улаб беришди. Волейбол мусобақасининг натижаси билан қизиқаётганимизни айтдим. “Волейбол эмас, баскетбол биринчилиги”, деб тузатиш киритилиб, сўраган саволларимга эринмай жавоб берилди. Маълумотлар ёзилган қоғозни Эркин акага узатган эдим, “Ўзингиз ёзиб беринг”, деб чиқиб кетдилар. Вазифани ярим соатда бажардим. Мени синашаётганини сездим. “Баскетбол” ўрнига “волейбол” дейилиши ҳам бежиз эмас, деб ўйладим. Кейинги ҳафтада ҳам, ундан кейин ҳам шу каби топшириқлар бўлди. “Синов муддати” уч ярим ой давом этди. Икки бўлимнинг ишини бажариб юравердим. 1 июль кунидан эътиборан бўлимга адабий ходим бўлиб ўтишимни расман маълум қилишди. Ўн тўққиз ёшимда, дорулфунуннинг учинчи курсида ўқиётган чоғимда республика газетаси таҳририятига адабий ходим вазифасига доимий ишга қабул қилиндим. Хатлар бўлимида иш бошлаган 15 февраль “иккинчи туғилган куним” бўлса, 1 июль “туғуруқхонадан омон-эсон чиққан” куним сифатида хотирамда ардоқланиб сақланади.

      Унга қадар, ҳали буйруққа имзо чекилмай туриб, Тошкент зилзиласидан бир оз олдин Эркин ака қўлимга машинкада ёзилган русча матн бердилар-да, “тезда таржима қилиб, комсомол марказқўмига етказинг”, дедилар. Аввал ўқиб чиқдим: кўча командаларининг “Чарм тўп” деб номланган Бутуниттифоқ футбол мусобақаларини ўтказиш низоми. Тезлик билан таржима қилиб, Эркин акага узатдим. Бир сидра назар ташлаган бўлиб, машинкада кўчиришимни буюрдилар. Бадхатлигим туфайли Зуҳра опамизга айтиб турдим, у киши ёздилар. Зуҳра опа шу бинода ишлайдиган машинкада кўчирувчилар орасида энг тажрибали ва энг маҳоратли эдилар. Кўзлари доимо матнда бўларди, ҳарфларга қарамасдилар. Ҳарфларни бармоқларнинг ўзи топиб босарди. Зуҳра опадан сўнг матнни ўқишнинг ҳожати йўқ, бирорта хато бўлмасди. Шу сабабли кўп ёзувчилар асарларини кўчиришни Зуҳра опадан илтимос қилардилар. Зуҳра опага ўхшаган яна бир маҳоратли кўчирувчи Хадича опа радиода ишлардилар. Бу икки опамиз уруш даврида