оқар Дон” романида тасвирланган жойларни, ундаги жасур казакларнинг авлодини кўриш мен учун ғоят қувонарли бўлиш билан бирга “Эҳтимол, шаҳарда Шолоховни узоқдан бўлса ҳам кўриб қоларман”, деган орзу мавжуд эди.
Аэропортда тўдаланиб турган ота-оналарни кўрдим. Фарзандларини кузатишга чиққан ота-оналарнинг шовқин солишлари мени ажаблантирди. Менинг уларга яқинлашишимни истамаган комсомол марказқўми ходими “Сиз самолётга чиқаверинг, болаларнинг ҳужжатларини сўрашса, айтинг, мен эртадан кейин олиб бораман”, деди. Бу ҳам камина учун таажжубланарли бўлди. Самолётга чиқаётган болалар орасида “Шайба”нинг ўйинчиларини кўргач, воқеа ойдинлашди. Болалар нақ аэропортнинг ўзида алмаштирилибди. Ростов-Донга бораман, деб отланиб чиққан тўрт болага “Йўқ, сен бормайсан, қоласан”, дейилганда унинг қалби нечоғлик пораланган экан? Ота-оналарнинг ғазабланишлари бежиз эмас экан. Туман, шаҳар, жумҳурият биринчилигида ўйнаган, ғалабаларга ҳиссасини қўшган тўрт боланинг қолдирилиши – катталарнинг нодонлиги сабабли йўл қўйилган фожиа, десам янглишмайман.
Аэропортдаги ота-оналар ғазабларини бақириқлар орқали ифода этиш билан қониқмабдилар. Фурсатни қўлдан бой бермай, самолёт учишга тайёрланаётгандаёқ Москвага, комсомол марказқўмига норозилик телеграммасини жўнатишибди. Телеграммада йўл қўйилган ғирромлик ҳақида хабар бериш билан кифояланмай, масалани миллий-сиёсий томонга буришибди. Яъни, тўрт рус боласи ўрнига ўзбек болалари олиб кетилди, деб миллатчиликка урғу беришибди. Яъни, кичик ғирромдан сиёсий масала ясамоқчи бўлишибди. Ҳолбуки, жамоага бир рус ва уч ўзбек боласи қўшилган эди. Шу қўшилиш оқибатида 15 ёш футболчидан иборат Ўзбекистон жумҳурияти жамоасида уч ўзбек бола пайдо бўлган эди (Қўшилган рус боласи – Владимир Фёдоров эди. У ҳам Хадзипанагис каби “Пахтакор”нинг етакчи ўйинчиси бўлди. Михаил Ан билан биргаликда СССР терма командасига қабул қилинди. Минск осмонидаги самолёт ҳалокатида фожиали ўлим топди). “Мандат комиссияси”дан ўтиш учун ҳужжатлар йўқ бўлса-да, текширувни юзаки равишда ўтказишди. Текширув бошланганда “Чарм тўп” клубининг Президенти Гавриил Качалин мени бошқа хонага таклиф қилиб, “Тўғрисини айтинг, командада ғирромлик борми ё йўқми?” деб сўради. Бир пайтлар машҳур футболчи бўлган, сўнг энг шуҳратли командаларга тренерлик қилган бу одам ғоят маданиятли ва ширинсўз эди. Жавоб беришга иккиланаётганимни сезиб: “Сиздан команданинг вақтинчалик раҳбари бўлганингиз учун сўраётганим йўқ. Касбингиз мухбир экан, мухбирлар одатда тўғрисўз бўлади”, деб изоҳ бергач, тўртта ўйинчи алмаштирилганини айтдим. Шаҳар, жумҳурият мусобақаларидаги ғирромликлардан сўз очмадим. Чунки бизни қайтариб юборишлари учун охирги далилнинг ўзи кифоя эди. Качалин “Тўғри гапингиз учун раҳмат”, деб Тошкентдан юборилган телеграммани кўрсатди.
– Бу кўзбўямачилик ҳақида бошқаларга гапириб юрманг. Биз ўзаро маслаҳатлашиб, жамоани жазоламасликка