14-15 ёшлиларники бошқа. Шунга яраша талаб ҳам, шароит ҳам ўзга-ўзга бўлади. Тренерлар мусобақада ғолиб келиш учун 12-13 ёшлилар мусобақасига 14-15 ёшли ўсмирни бошқа исм-насабда қўядилар. Яъни, 15 ёшли Болтаев 12 ёшдаги Тешаевнинг ҳужжати билан мусобақада қатнашади. Кўпинча шундай ўйинчилар ғолиб келишади ва ёрлиқлар ҳам бировнинг номига берилади. Бировнинг номидан ғирром равишда мусобақада қатнашаётган боладан яхши тарбия кутиш мумкинми? У ҳаётида ғирром йўлини танлаб олмайдими?
Адашмасам, 1969 йил эди шекилли, машҳур спортчимизнинг футбол мактабида маҳоратини оширган укаси ўзидан уч ёш кичик Шоир исмли бир боланинг ҳужжати билан Ереванда бўлиб ўтган мусобақада қатнашиб, “Энг яхши ҳужумчи” унвони билан қайтган эди. Шоир деган бола тўпни тўғри тепа оладими ё йўқми, унинг номига ёзилган Фахрий ёрлиқ ўзига берилдими ё ғирром футболчининг ўзида қолдими, билмайман. Тошкент чемпионлари армани тенгдошларига финалда ютқизиб, иккинчи “фахрли” ўрин билан қайтдилар. Ғирромлик билан етишилган бу ўрин билан фахрланиш мумкинми ёки йўқми, бу ҳам бир масала! Иккинчи масала шуки, бизнинг иллатли командамизни енгган арман жамоаси ҳам ғирромликда биздан қолишмагандир. Қалбаки ҳужжат билан “энг яхши ҳужумчи” номини олган йигитчани тўрт-беш йилдан кейин ресторанда кўриб қолдим. Футболни ташлаб, ошпаз бўлиб ишлаётган экан. “Бизнинг футболимиз шунинг учун ҳам ривожланмайди-да”, деб ўйлаган эдим.
Аслида совет футболи ғирром пойдевори устига қурилган эди. Советлар жамияти профессионал спортни рад этарди. Советлар оммавий спорт тарафдори бўлган. Советлар тарихининг дастлабки йилларида чиндан ҳам шундай бўлган. Лекин ХХ асрнинг иккинчи ярмида “ғирром профессионализм” пайдо бўлди. Бу нима дегани? Маълумки, профессионал футболчи ёки хоккейчи ҳеч қаерда ишламайди, фақат спорт билан шуғулланади. Спорт клубларини давлат таъминламайди. Бу клублар кимларнингдир шахсий мулки ҳисобланади. Большевиклар ғояси шахсий мулкни ҳам рад этади. Профессионал спортчи клуб раҳбарлари билан шартнома тузади. Клуб раҳбари уни истаган пайтида бошқа клубга сотиб юбориши мумкин. Советларда ундай эмас. Спортчининг бир жамоадан бошқасига ўтиши анча қийин масала эди. Моддий томондан манфаати ҳам йўқ эди. Гарчи у “ҳаваскор” ҳисобланса-да, аслида ҳеч ерда тер тўкиб ишламас эди. “Динамо” спортчилари милиция ходимлари, “МАСК” ҳарбий хизматчилар ҳисобланишарди. “Спартак”ни касаба уюшмалари таъминларди. “Шахтёр” ўйинчилари кўмир конларидаги “илғор ишчи”, “Нефтчи”дагилар нефт конларининг азаматлари сифатида ҳақ олардилар.
Шунинг баробарида совет спорти сиёсийлаштирилган ҳам эди. Халқаро мусобақалар спорт беллашуви эмас, балки совет ва капитализм тузуми олишуви тарзида кўриларди. Совет хоккейчилари канадаликларни албатта енгиши шарт эди. Енгса, совет тузумининг афзаллигини намойиш этишган бўлишарди.
Ғирромлик совет спортининг қон-қонига сингиб кетганидан кейин болалар спортидан қанақанги ҳалолликни талаб қилиш мумкин?
Спорт