Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)


Скачать книгу

фақат…

      Бир неча йил муқаддам Хадрадаги ўқув марказига таклиф қилишди. Бу ерда болалар турли фан асослари билан бир қаторда инглиз тилини ўрганишар экан. Учрашувга Англия элчихонасининг вакили ҳам ташриф буюрди. Кўп болалар билан суҳбатлашди, менинг диққатимни учинчи синфда ўқийдиган қизнинг суҳбати ўзига тортди. У инглиз тилида эркин ва равон сўзлашиб инглиз меҳмонни қойил қолдирди. Мен таржимон ёрдамида меҳмондан болаларнинг билимига баҳо беришни сўрадим. Аъло баҳолади, ғоят таъсирланганини билдирди. Шунда мен “Таъсирланишингизнинг сабаби бу халқ болаларининг бунчалар даражада истеъдод эгаси эканини кутмаганлигингиздами?” деб сўрадим. Шубҳасизки, фикримни рад этди. Мен эсам инглиз лордининг гапини ва шоиримиз жавобини ёдга олиб дедимки:

      – Ўзини кеча олий ирқ ҳисоблаган одам бугун кибр отидан туша қолмайди. Сиздан миннатдормиз, болаларимизга аъло баҳо қўйдингиз. Лекин ўша инглиз лордининг фикрида юрганлар юртингизда ҳали ҳам борлигига ишонаман. Мабодо шунақалардан битта ёки иккита қолган бўлса ҳам ва сиз ўша одам билан учрашиб қолсангиз, кўрганингиз бу болаларимизнинг қанчалар ақлли эканини айтинг-да, бу болалар “сиз ёввойи қабила” дея камситган халқнинг фарзандларидир, озод Ўзбекистоннинг келажагидир”, деб танбеҳ беринг.

      Ўзбекистон Фанлар Академияси тарихида икки адиб ҳақиқий аъзо, иккиси мухбир аъзо бўлган. Академик Ойбек ва академик Ғафур Ғуломнинг илмдаги хизматлари маълум, мухбир аъзоларнинг эса илмга қандай алоқалари бор, билмайман. Икки академикнинг вафотидан сўнг ёзувчиларнинг ўрни бўш турмасин дебми, Комил Яшин билан Уйғун “сайланишган”, аниқроғи, партия томонидан “ўрнаштириб қўйилган”. Ғафур Ғуломнинг шеъриятдаги улуғлигини эътироф этган ҳолда илм бобида хатоларга йўл қўйганини айтиш мумкин.

      Алихонтўра Соғунийнинг ўғиллари Асилхонтўра суҳбатларидан бирида “Биз Хитойда яшаганимизда Ғафур Ғуломни ўзбек шоири деб билардик. Иттифоқо унинг “Мен яҳудийман” шеъри бизга қадар етиб келди, шундан сўнг ул зотни бошқача атай бошладилар”, деди. Бу фикр икки томонлама нотўғри эди. Аввало, мазкур шеър фашистларнинг яҳудийларни қирғин қилишига қарши ёзилган. Шеър илмидан бехабар одамгина бу каби услубни англамай, сарлавҳани тўғридан-тўғри тушунган. Бу шеър туфайли эмас, балки Ғафур Ғуломнинг Бобораҳим Машрабга бағишланган мақоласини ўқигач, одамлар шундай дейишгандир. Совет даврида худосиз олимлар Бобораҳим Машрабни атеист сифатида кўрсатишга кўп уринганлар. Афсуски, булар орасида Ғафур Ғулом ҳам бор эди. Адабиётшунослар ва тарихчилар орасида “Мабдаи нур” асари Бобораҳим Машрабники эмас, деган тортишувлар мавжуд эди. Академик шоир бу хусусда “Икки Машраб” деб номланган мақола ёзиб, “ҳалигача Бобораҳим Машрабга иснод бўлиб келган “Мабдаи нур” номли сўфийёна ахлоқий тизим асар шу мулла Рўзи охуннинг асари экани аниқ ва равшан бўлди”, деб ҳукм чиқаради. Қаранг-а! Неча авлодни одамийлик хулқида тарбиялашга хизмат қилган ҳикмат китоби Бобораҳим Машрабга иснод келтирган эмиш?! Хўш, бунга ҳам даврни айблаймизми? Совет даврида адабиётга партиявийлик,