оқибатида юз берадиган маънавий-руҳий офатларнинг олдини олиш мумкин. Агар олди олинмаса, бу офатнинг фожиаси табиий офатникидан даҳшатлироқ бўлади. Зилзилада йиқилган бинолар тез ойларда ёки йилда тикланади. Дарз кетган деворлари қайта сувалади. Лекин маънавий-руҳий офат натижасида дарз кетган қалбларни шифолаш узоқ йилларни талаб этади. Шундан эҳтиёт бўлишни таъкидлаган ҳолда, ижозатингиз билан яна олтмишинчи йилларга қайтаман.
“Тўқиб бахт куйини ва бахтсизлик куйини”
Зилзиладан кейинги қурилиш ишлари авжга чиқди. Кўп идоралар жойлашган бинолар бузила бошланди. Хусусан, Ёзувчилар уюшмасининг биноси бузилиб, Навоий кўчасидаги 30-уйга кўчиб ўтдилар. Бундаги таҳририятларда ишловчилар кўп хоналарини бўшатиб бердилар, тўрт кишига мўлжалланган хоналарга саккиз кишидан жойлашиб, хизматларини давом эттирдилар. “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларининг таҳририяти ҳам шу бинога кўчиб ўтди. Бундан қувондим, чунки Навоий кўчасидаги 30-уй энди тўла маънода ижод марказига айланган эди. Узоқдан кўриб юрганим ижодкорларни энди яқиндан кўриш, ҳатто, саломлашиш бахтига эришиш имкони туғилди.
Бир куни хонада ёлғиз ўтириб эдим, эшик очилиб Ғафур Ғулом кўриндилар. Довдираб қолдим.
– Телефонинг ишлаяптими, Олмаотага қўнғироқ қилса бўладими? – деб сўрадилар.
Кейин диванга ўтирдилар-да, чўнтакларидан дафтарча чиқариб, Олмаотадаги телефон рақамини айтиб турдилар, мен буюртма бердим. Ийманиб тура-тура секин чиқиб кетмоқчи эдим, “Жойингда ўтир, буниси жавоб бермаса, бошқасини айтасан”, дедилар. Халқ учун улуғ зот ҳисобланган шоирга қарашга ботинолмай, бошимни эгиб тек ўтирган чоғимда эшик очилиб муҳарриримиз Суроб ака кўриндилар. Мен довдираяпман, десам, Суроб аканинг ҳаяжонлари каминаникидан кам эмас. Шоири замонни хоналарига таклиф этган эдилар, “Бу бола ишни пишитиб берди, шу ерда бир пас кутаман”, дедилар. Суроб ака телефон станциясига қўнғироқ қилиб, буюртмани тезлатишни илтимос қилдилар. Суроб аканинг ҳаяжонлари бежиз эмаслигини кейинроқ билдим.
Икки йил олдинмикин, газетанинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Ғафур Ғуломдан табрик хати олиш учун таҳририят адабий ходими шоирнинг уйига борибди. Устоз шоир сал ширакайф эканларми, “Сен кимсан?” деб сўрабдилар. Вакил адабий ходим эканини билдириб, муҳаррирнинг илтимосини етказибди. “Нега редакторинг келмади?” деган саволга вакил жавоб бера олмаган, шоири замон эса илтимосни бажармаган. Эртасига таҳририят мажлисида шундай деб ҳисобот бериб турганида, эшик шарт очилиб, қўққисдан Ғафур Ғулом кириб келибдилар. Тўрда ўтирган Суроб акага рўпара келиб:
– Редактор сенмисан, болангни сен юборувдингми, қоғоз олиб ёз! – деб табрикларини айтиб турибдилар. Суроб ака титроқ қўллари билан ёзибдилар.
Олмаота билан телефонда гаплашишни кутиб ўтирган шоир ҳузурида муҳарриримизнинг сал довдираброқ туришларига эҳтимол, ўша воқеанинг ёдларига тушгани сабаб бўлгандир. Диплом ишига маълумотлар