Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)


Скачать книгу

нон ўрнига кесак тишлаймиз”, деб ўкинч сўзларини бекорга ёзмагандирлар? Улуғ мутафаккирнинг узоқ йиллар давомида уйда махфий сақланган “Афғон саёҳати” кундалик дафтарларидаги бу сатрларни унутиш мумкинми?

      “(1919 йили) кеч соат 8 да келуб Ховос истансасида қолдук, йўлларда бўлсун, истансаларда бўлсун, яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора мусулмон хотун-қизлари, ёш-ёш болалар кўрилурди. Албатта, илмсиз ва тарбиясиз, аҳволи оламдан хабарсиз мусулмонларнинг ҳол-аҳволлари биргина Ўрта Осиё йўлларинда эмас, бутун Туркистоннинг ҳамма ўлкасида шўйла фано ва аянч ҳолда эканлиғин ҳеч ким инкор қилмайди. Бизим Туркистонда ҳар ерда ҳозирда иш бошинда ўлтурган рус товаришларимизнинг ўзлари иш бошиға ўлтуриб олиб, ўзлари ошалаб, биз – мусулмонларға ялатувларининг натижасидур. Мазкур аҳолилардан сўралганда, “Алҳамдулиллоҳ, бу йил бултургига қараганда ҳолларимиз яхши. Бу йил фақат яланғоч бўлсамиз ҳам, бир оз емаклиқға гадолик ва тиланчилик қилуб умр ўткарамиз. Агарда бултур келган бўлсангиз эди, бул йўлда “Оҳ, нон!..” деб жон бериб ётган мусулмонларни кўрар эдингиз”, дея бу ҳолларига ҳам шукр баён қиладилар”.

      Оқ подшоҳ истило қилган мамлакатларини “генерал-губернатор” аталмиш вакиллари орқали бошқарарди. Большевиклар эса мустамлака ерларини майда-майда бўлакларга ажратиб, “мустақил совет республикалари” ташкил этдилар-да, ҳукумат тепасига биттадан қўғирчоқ раҳбарни қўндириб қўйдилар. Ўзбекистонда компартия раҳбари ўзбек, иккинчи котиб албатта рус, вилоят, туманларда ҳам аҳвол шундай. Демакки, аслида ишни иккинчи котиблар юргизадилар. Мажлисларнинг “улуғ оғамиз” тилида олиб борилиши фикримиз далили. Мажлисларнинг рус тилида олиб борилиши замирида ҳам миллатга қарши кучли сиёсат ётарди. Диққат қилайлик: мажлислар рус тилида олиб борилса, барча расмий ҳужжатлар рус тилида юритилса, қўғирчоқ раҳбарларнинг “оғалари” тилини яхши билишлари шарт бўлади. Демак, амалга интилувчи кимса бу шартни бажариш ҳаракатига тушади. Тўғрироғи, фарзанди катта амалдор бўлишини истаган ота ва она уни шу йўналишда тарбия этади. Миллий руҳ деган тушунчалар гўрга тиқилади. Бу илмий-фалсафий тилда “ассимиляция” дейилади. Мазкур атаманинг луғавий маъноси “сингдириб юбориш”дир, яъни миллатни аста-аста тирнаб-тирнаб, едириб-едириб йўқ қилиш. Изоҳли имло луғатида: “Ассимиляция – бир халқнинг бошқа бир халқ урф-одатларини маданияти ва тилини ўзлаштириб, ўз тили, маданияти ва миллий онгини йўқотиши натижасида ўша халққа қўшилиб кетиши” деб ёзилган. “Агрессия” – тажовуз, яъни миллат бошини қилич билан шартта кесиб ташлаш бўлса, “ассимиляция” эркалаб туриб, бошини силай-силай едириб тугатиш. Тўғри, бунга анча кўпроқ вақт кетади, лекин дунё аҳлининг кўзларини шамғалатиб қилишнинг энг қулай усули шу. Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун” (“Асрга татигулик кун” деб нотўғри таржима қилинган) романида баён қилинган манқурт ҳақидаги афсонани эслайсизми? Душман паҳлавон йигитни ўлдирмайди, бошидаги хотирани, ақлидаги