эди. “Медаль сизга шунчалик зарурми?” – деб сўраганимизда “Ҳа, ўлгандан кейин духоба ёстиққа тикиб, тобут олдида олиб боришга нимадир керак-ку? Болаларим отамнинг ҳеч нарсаси йўқ экан”, деб изза чекишмасин”, – деган эди.
Ҳамонки, барча нарса ортда қолар экан, хаста биродаримизнинг яқинлари нишон ҳақида эмас, иймон тўғрисида қайғурсалар дурустроқ бўларми эди. Жон чиқмай туриб, иймон калимасини ўргатсалар қандай яхши эди! Агар фарзандлар доно бўлсалар “отамиз медалсиз ўтди”, деб куюнмайдилар, балки “отамиз иймон билан кетдилар”, – деб Яратганга шукрлар қиладилар.
Баъзилар туғилган кунларини тантана билан нишонлайдилар. Шу кунга, шу ёшга етишмоқ ўзига хос байрамдир, бу учун Яратганга шукрлар қиламиз. Аммо туғилган кунга етмоқ – яна бир йилнинг ўлганига нишонадир. Ўтган ҳар кун, ой, йил умр адоғига яқинлашмоқликдир. Демак, ароқ ичиб чулдирагандан кўра “қандай яшадим, қандай яшамоғим керак?” – деган саволга жавоб излаб топишга интилмоқ дурустдир. Туғилган кун яна бир йил ўлганига нишона эмас, балки жаннатга етмоқ учун бир йил яқинлашувдир, деб яшаган банда бахтлидир.
Дўстларим Абдужалил билан Дилмурод сўнгги нафасларида нималарни ўйлашди, қандай сўз айтишди, буниси менга номаълум. Аммо уларнинг иймон билан кетганларини умид қиламан. Чунки ҳаётлари бошқаларга яхшилик қилиш билан ўтган эди. Дарвоқе, Абдужалилнинг жон беришдан бир кун олдинги армонли сўзларини менга айтиб эдилар. Абдужалилни шифохонага олиб боришганда врачлар унга етарли эътибор беришмабди. Ҳатто маълум муддат қаровсиз ётибди. Шунда у хўрсиниб “Агар тўрт юз доллар пулим бўлганида ўлмай қолар эдим”, деган экан. Буни у алам устида айтиб юборган. Чунки унга тўрт юз эмас, ундан-да кўпроқ пул бериши мумкин бўлган дўстлари кўп эди. Лекин у барибир олмаган бўларди. Феъли шунақа эди раҳматлининг…
Ўтга ҳам,
Сувга ҳам ўзини урди.
Сира аямади ғайрати, кучин.
Хатарга, кулфатга басма-бас юрди
Дўстлари учун.
Силкитди каттакон қўлчаларини…
Юзида табассум, кўзида учқун.
Ҳамиша тутди у елкаларини
Дўстлари учун.
Дўстлари босиб ўтди
Бахтиёр, шодмон,
Орқалаб дунёнинг вафосиз кўчин.
У зина мисоли яшарди ҳамон
Дўстлари учун.
Дўстлар гуноҳидан қийналди, ёнди,
Дўстлар қилмишига йиғлади беун.
Кечалари танҳо чўчиб уйғонди
Дўстлари учун.
Халақит бермангиз, айтманг яхши сўз,
Ҳолсиз қўлларини ушламанг бу кун.
У сўнгги марта юмаётир кўз
Дўстлари учун…
Хуллас, реанимация бўлимидаги уйқусиз тун шундай тизгинсиз хаёллар, хотиралар гирдоби оғушида ўтди.
Хотира бир тўловдир,
Инсондан тортиб олинган
қимматбаҳо нарсалар учун.
Эртасига яра қайта боғланиб, “энди ҳаёти хавф остида эмас”, деган қарорга келишгач, аввал ётган хонамга