тортиб султонларгача.
Шон, ғурур – кўркингдан айланай, болам,
Туз ичган юртингдан айланай, болам!
Яна нима керак:
Буни фарзанд дейдилар!
Она, Ватан, фарзанд пайванд дейдилар.
Бу ёруғ дунёда ҳали синовлар керак,
Ақлу заковатлар,
Қалби оловлар керак.
Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлмагай,
Милён-милён Рустам Қосимжоновлар керак!
Ҳаддинг, шахматингдан айланай, болам!
Қадду қоматингдан айланай, болам!
ҚИЗАЛОҚЛАР
Қуёш ҳар тонг нурга белар
Айвонингиз, кўчангизни.
Унинг ўзи ёпиб берар
Иссиққина кулчангизни.
Сиз – ҳаётнинг юзидаги
Кулгичлару хандаларсиз.
Бировингиз капалагу
Бировингиз ҳандалаксиз.
Айланади вижир-вижир
Қалдирғочлар бошингиздан.
Қанотларин олган улар
Сизнинг кўзу қошингиздан.
Сиз билан бу меҳр боғи
Сўлимас ҳеч, ҳаёт бўлар.
Тириклик ҳам бутун умр
Асал бўлар, новвот бўлар.
Умрларнинг баҳорида
Ғунчаларсиз, гулчаларсиз.
Бунчалар ҳам ширин ҳаёт,
Ширингина кулчаларсиз.
АСАЛ ҚИЗИМ НИГИНА
Баҳор келар шивир-шивир, Нигинжон,
Майсалар ҳам живир-живир, Нигинжон.
Мажнунтолнинг сочлари чилвир-чилвир,
Мен шеър ёзай чилвир-чилвир, Нигинжон.
Соғинчларим гуллар очар боғларда,
Ёмғирларим биқир-биқир, Нигинжон.
Саҳарданоқ ўйноқлаган жилғамсан,
Тириклигим қиқир-қиқир, Нигинжон.
Тушларингда жилмаясан нурланиб,
Болишларинг ғимир-ғимир, Нигинжон.
Кечалари куртак ёзар, барг ёзар,
Қаламларим шитир-шитир, Нигинжон.
Меҳр билан жимирлаган ҳаётим,
Жону дилим жимир-жимир, Нигинжон.
Умр бўйи менинг кетмас баҳорим,
Қалдирғочим вижир-вижир, Нигинжон.
ИНСОНЛАРКИ…
Инсонларки, тириклик даъвосида
бир баҳс бўлолмадилар,
Инсонлигу комронлик баҳосида
бир дарс бўлолмадилар.
Умр бўйи арз қилдилару
араз қилдилар, валек
Бировларнинг арзи ҳоли баҳосида
бир арз бўлолмадилар.
Риёю ғараз йўлида, нафс йўлида
тулкию бўри бўлиб,
Дариғким, ор-номус асносида
шер, йўлбарс бўлолмадилар.
Ҳамма нарсани кўрдилару,
ҳамма нарсани қурдилару, бироқ
Элу юртнинг бунёди биносида
бир хас бўлолмадилар.
Нечун бу баҳс-мунозара,
ўйлаб қара, улардин на чора –
Инсонларки, тириклик даъвосида
бир баҳс бўлолмадилар.
Ҳамма нарсадан юлдилару,
ҳамма нарсага тўлдилару, яна
Ҳамма нарса бўлдилару дунёсида,