комбайнлар
бирдан иш бошлар.
Эгнимдан,
енгимдан тўкилади дон,
Кифтимдан,
кафтимдан қуйилар ғалла.
Тақирлар қиқирлар,
“Зил”лар. Манзиллар.
Дала. Дала.
Ҳаммаёқ – дала!
Истасанг шамол бўл.
Истасанг – дарахт
Бўлиб мангуликка беармон тикил.
Бу ерда
тунларнинг бағри кенг, қара,
Ҳар из азиз сенга,
Ҳар юлдуз – сингил…
ХОРАЗМГА БОРАМАН
Омон Матжонга
Менинг идрокимда шаҳарлар номи,
Мен кўрмаган эллар, наҳрлар номи.
Чашмалар – тоғларнинг фаришталари
Тортқилар оромим ришталарини.
Лондон нима менга? Чикаго нима?
Нимадир Парижнинг оқбилаклари?
Менинг юрагимга яқинроқ эрур
Жайҳун соҳиллари, ўт, балиқлари.
Демак: Хоразмга боргум. Хоразм –
Тарих сўзидан ҳам балки қадимроқ.
Мен унга қанчалар яқин бормайин,
У мендан йироқдир. У мендан йироқ.
Мактаб партасида ўйлаган эдим
Бундан ўн йил аввал, ўн йиллар аввал:
Мен ҳам жаҳонгашта бўлгайман бир кун,
Аввал Хоразмга қилгайман сафар.
Хоразм – мозийнинг ҳозир орази,
Хоразм – болалик аразим.
Йилларки сен томон талпинади дил,
Сенга етганим йўқ ҳали, Хоразм!
Сенга етганим йўқ. Гоҳ тонг, гоҳ оқшом
Сен чорлайверасан такрор ва такрор.
Комил Отаниёзнинг сози тинганда
Менинг ҳам кўнглимдан узилгандир тор.
Паҳлавон Маҳмудни энди танидим,
Сенга етганим йўқ, тарих билади.
Хоразм, мен сенга етмоғим учун
Бутун абадият камлик қилади!
АХБОРОТ ҚИРОЛИ
Устоз журналист Абдулла Пўлатовга
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Асаб чақинлардай чақнаганида,
Юзида ҳодисот чинқирганида,
Унинг қаршисида ҳеч турганмисиз?
Кўзларида унинг замон айланади,
Армон айланади. Жаҳон айланади.
Қаранг: ўз қўлида ўзи нурайди,
Кўксини чангаллаб, телефонлардан
Ҳаво сўрагандай –
Янгилик сўрайди, хабар сўрайди.
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Ғафур Ғулом,
Шайхзодани шеър ўқишга кўндирган у.
Мақтанчоқ мухбирлар довдираган чоғда,
Абдулла Қаҳҳордан сўз ундирган у.
Менинг тушларимга киради унинг
Кўзлари доим қўш кассета бўлиб.
Бу одам умрини тарқатиб борар
Ҳар куни, ҳар туни газета бўлиб.
“Тошкент оқшоми”нинг ҳар бир сонида
Бешми, ўн дил зарби жой олган унинг.
Шул сабаб уйғоқдир балки бу ҳаёт,
Шул сабаб зарби зўр балки бу куннинг.
Қаранг, у қийналар, чекар асабий,
Рўзғорини ўйлаб кўнглин ғашлайди.
Ва яна дзотга ташланган каби
Ёзув