сен йўқдирсан.
Вақт қўл қўяр.
Шеърларинг столда ҳангу манг қолди.
Газет ҳам кечикди.
Кечиргил, Ояр!
Гарчи тақдир бизни минг кўйга солиб,
Охир-оқибатда билдирмай суяр.
Суюнганинг чоғда нима бўлди сенга,
Ояр?!
Бу ҳаёт сарбаланд қолсин деб абад,
Шоирлар йиқилар юраги доғли.
Шунда ҳам ўртаниб, ўтиниб ўйлар:
“Ватаним, ишқилиб жон-танинг соғми?”
…Сиз беёд қолганда ўқинг Оярни,
Кўнгилга эрк бергай бир мушфиқ кадар.
Менинг минорларим увиллаб борар
Термиздан то Болтиққа қадар.
«Газеталар бўронида кетяпман…»
Газеталар бўронида кетяпман,
кетяпман.
Метродайин бу дунёнинг
қоқ бағридан ўтяпман, ўтяпман.
Ҳаётимда янгиликлар,
ҳодисалар, воқеалар,
Ракетадай учқурдиру,
бомба янглиғ оғирдир бу дақиқалар.
Дақиқалар!
Менинг асл фаслларим
сароб бўлди,
хароб бўлди.
Она нега йиғлаяпсиз, нима бўлди?
Тегрангизда кузатувлар,
айрилиқлар,
йўқотишлар…
Орзуларим ўтмишимдан
менга қараб ўқ отишар,
ўқ отишар.
Олисдаги ул мактабда энди менинг дарсим йўқ.
Кўз очаман:
Газета бор. Дўстларим йўқ.
Асрим йўқ.
Дарёлардай ортга боқмай,
дарёлардай тўлғониб
Асфальтларнинг чинқириғи
поёни йўқ манзилларга
олиб кетар дунёни.
«Йигирма етти йил…»
Йигирма етти йил!
Йигирма етти тоғ
Ортимда тизилди.
Мен доғ қолдимми, соғ?
Бу эшик – Тириклик.
Бу бешик – Ҳаёт.
Йигирма етти йил –
Севгими ё сабот?
Озода қушларим
Қаерга учди? Кўр,
Чайқалибон қолди
Йигирма етти кўл.
Ярми лойқаланган,
Ярми – нофармон,
Еттиси осмондир,
Еттиси – армон.
Худди шундайин
Асрим ҳам илҳақ –
Ярми қарғиш бўлса,
Ярмиси тилак.
Сизлар-чи, сизлар,
Мақсадлари мижғов,
Мол-мулк қуллари,
Виждон қани, виждон?!.
УЙҚУДА АЙТГАН ШЕЪРИМ
Энг аввал шу ёруғ жаҳонимни бер,
Сўнг ёруғ жаҳонда армонимни бер.
Токи дардларимдан ободлиғ кўрсин,
Бедардлардан бемор замонимни бер.
Осмон юлдузлари тийра ўлмишлар,
Кўзлар чарақлаган осмонимни бер.
Барча яхшиларим юз бурмиш мендан,
Яхшилар ичра энг ёмонимни бер.
Маҳзун кузга ўхшар сўлғин чеҳралар,
Баҳоррўй, лаблари хандонимни бер.
Ғафлатга