АСРОРНОМА
Форсийдан
Ўзбекистон халқ шоири
Жамол Камол
таржимаси
Тошкент
“Meriyus”
2011
Ушбу таржима “Асрорнома”нинг филология фанлари доктори Саид Содиқ Гавҳарин томонидан тайёрланиб, 1999 йилда чоп этилган Теҳрон нашри асосида амалга оширилди.
Масъул муҳаррир:
Асрор САМАД
“Асрорнома” – Шайх Фаридуддин Атторнинг машҳур асарларидан бири. Унинг ўзи яшаган дунё ва жамият ҳақида юрак қони билан битилган дил сўзи, жон қичқириғи…
Мир Алишер Навоий олти ёшида “Қуш тили”ни ўқиб, қандай аҳволга тушган бўлса, Мавлоно Жалолиддин Румий ўн икки ёшида “Асрорнома”ни ўқиб, айни шу ҳолатни бошидан кечирган ва умр бўйи бу китобга бўлган муҳаббати уни тарк этмаган.
“Асрорнома” инсонни Ҳақ ва ҳақиқатга ундайди, унинг комиллик шарафини улуғлайди.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм
Биринчи мақола
Ўшалким жонга иймонликни берди,
Хирадга ул худодонликни берди.
Ки андин мулки олам номвардир,
Замину осмон зеру забардир.
Келиб икки жаҳон, бас, бўлди андин,
Фалак юксак, замин паст бўлди андин.
Фалак унга рукуъ этгай ҳамиша,
Замин унга сужуд этгай ҳамиша.
5 Кўпик, қондин яратди одамийни
Ва кофу нун ила аршу заминни*.
Тутунни гунбази хазро этибдир,
Хашакни наргиси раъно этибдир.
У боис пашша ниши зулфиқордир*,
У боис анкабут ҳам пардадордир.
У хокдин маънийи одам яратмиш,
Нафасдин Ийсийи Марям яратмиш.
У қондин мушк, қамишдин шаккар ҳосил
Қилиб, тошлардин этмиш гавҳар ҳосил.
10 Чунон аввалки, пешони кўринмас,
Чунон охирки, поёни кўринмас.
Чунон зоҳирки, ботин унда зоҳир,
Чунон ботинки, андин зуҳр этар нур.
На ҳаргиз кибриёсига бидоят,
На мулкига саранжому ниҳоят.
Худованди каримдир ул бу янглиғ,
Уни ҳар неки билсам, андин ортиқ.
Кўриш бирлан билишни берди улким,
Уни ким билмишу кўрмиш уни ким?
15 Ки зоти куннасидин бир нишон йўқ,
Уни ҳар неки дерсан, ул чунон йўқ.
Агарчи жонимиз йўл олса, илло,
Унинг асрорига етгайму асло?
Йироқмен сирри жонимдин, нетармен,
Худонинг зотига қандоқ етармен?
Яратди жонни андоқ Соҳиби кулл,
Ва лекин сирри жон не, айтмади ул.
Тириксен жон ила, жон танда пинҳон,
Ва лекин билмагайсен не эмиш жон.
20 Бу не санъат ниҳону ошкора,
Ки йўқдир лол қолишдин ўзга чора.
Ёриб мен қилни қирқ, лекин ажаб бул,
Шу хомушликдин ўзга топмадим йўл*.
Унинг зотига етмоғинг-ку душвор,
Жамоли санъатига лек назар сол*.
Агар сен рост табъсен, чўзма сўзни,
Бу тўрт девор ичидин қутқар ўзни.
Сенга муҳтож эмас Парвардигоринг,
Чўзилгай тобакай бу кирдикоринг?
25 Агар сув эрса аслинг, сувни бойла,
Олов ургил, унинг таркини айла.
Агар тупроқдир аслинг, жойига тўк,
Унинг остонасига, пойига тўк.
Агар ел бўлса аслинг, додин этгил,
Уни тупроққа қор, бедодин этгил.
Агар оташдир аслинг, унга сув ур,
Ўшал оташ аро ёлқинга сув ур.
Табиат сенда ростдир, бериё бўл,
Қўйиб таъбингни, бир марди Худо бўл.
30 Ҳар икки олам ичра битта қилмиш,
Ўшал тўрт устунинг сенга не эрмиш?
Ўқиб бир, истабон бир, изла бирни,
Кўриб бир, англабон бир, сўзла бирни.
Бари бир жумладир охир ва аввал,
Вале кўргувчида кўз тийра, аҳвал.
Назар сол, зарра-зарра барча бирдай,
Анга тасбиҳ ўқиб, елгай, югургай.
Бу не лутфу иноятдирки, корсоз,
Магар ҳар зарра бирлан сўйлашур роз.
35 Бу не исму бу не маъни, ҳама сен,
Яна дерманки, эй сен, эй ҳама сен.
Жаҳонда бормикин бир мўйким ул,
Ки сенга тутмасин юз бору буткул?
Сенга юз тутмасайдик, эй мукаррам,
Битарди,