дарбозаси ёнида учратмиш эди. Ўшанда олқинди совун мисол ўзини олдирган бу кўримсиз хотуннинг лаъин фуқароси экани маълум бўлди: у ғайбни кўриш билан ўзини машғул тутиб, кимсаларнинг юлдузига беорларча боққувчи эди. Учинчи бор халфа мунажжимани ҳарам атрофида учратди.
Ё Саттор, дея ошёна ҳатлаб ичкарига кирган халфа Хонсултонга шипшиди:
– Хонсултон бекам, бир абхорим бор сиза.
– Не эмиш ул абхор?
– Сиза димоғидин заҳоб ҳид анқиғон, адрасман тутатиб, аспижаллоблик қиладирғон бир хотун ҳақинда гапириб эдим…
– Хўш.
– Анинг ҳарами ҳумоюн атрофинда дайдиб юрғонини кўрдим. Магарам ул хотун ғайбни кўра оладур, юлдузингиза боқиб, эртанги кунингизни айтиб берадур!
Хонсултоннинг сочига куя тушиб, қатида оқ қуртлар ўрмалай бошлади. Бирда у фол очирмаганмиди, ахир? Ўшанда фолбиннинг башорати чин чиқмаганмиди? Ҳа, ҳа, Мамдуднинг қатли хусусида, ҳали ҳожаси завол топмасидан бир йил бурун мунажжима башорат қилганди. Ўшанда фол кўргич “Ҳожангизнинг хотимаси хайрли кўринмаётир. Анинг умри доли-гулиға етмиш. Магарам дарж этар бўлсам, анинг боши кундаға эгилмишдур”, демаганмиди? Алқисса, башорат чин чиққан эди.
Ой этак бирла ёпилмаски, магарам мунажжимани ҳузурига олиб кирар бўлса, бунинг овозаси волидаи калон Туркон қулоғига етиб бормасми?
Шунда соҳибжуръат Ҳадича бекасига яна жаҳд кўрсатди:
– Бекам, агар истар экансиз, амр этинг, ани ҳузурингиза мутлоқ хуфя олиб киргаймен, фақат менга инонсангиз бас!
Ҳадича хуфя юмуш бажармоқда устаси фаранг эди. Бекасига тоабад содиқ ва садоқатли жория эмасми, кимки Хонсултонга қасдлашса, хонумонига ўт қўяди. Бу эпчил чилбирни қўлга олар бўлса, ип эшгичнинг калавасига куя тушгай.
Бинойи саркаш ўзини эси паст, анқов кўрсатиб, отни етаклаб сувга олиб боради… Ё пирим-ай, ана, эрмак бўлишни кўринг шунда, силласи қуриган шўрлик от дарё лабидан тили осилганча суғориқсиз қайтади. Хай-ҳай, ҳийласи қурғурдан Худо сақласин! Макри етти эшакка юк бўлгуликмасми, халфа дегани, ўзини афанди-анди кўрсатиб, илму амалини ишга солади. Йўлин тўсганнинг оёқ-қўлини занжирлайди-да, лунжига оғу сочиб қочади. Бу устакор тадбир унга кимдан мерос қолган бўлса? Иши қиёмига етмагунча, “ишим биткирмасам ўламан Саттор”, дея юмуш ичига кўмилиб юради.
Қун пешинга оғар маҳал, жазирада димоғидан иссиқ нафаси анқиган Ҳадича “ё Раззоқ, қувват бер мана”, деганча Хонсултоннинг ҳузурига хотунни бошлаб кирди.
Не эди у, қорачиғидан сачраган учқун? Сукунатин муҳофаза этиб, назокатин қўриган бека, барги мустаму гули мадоҳил нақши бериб тикилган ипак кўйлагининг этагини тўпиғига довур туширди. Худди мана шу сонияда саратон қуёши ошёна меҳробидан бир кўриниш берди-ю, акси эса Хонсултон беканинг қорачиғида қарсиллаб синди.
Хотун занжабилни шимиб, Хонсултоннинг зиё сочаётган кўзига қараб узоқ турди. Сўнгра вужуди жунбушга келиб, димоғидан кўланса ҳид гупурди. “бир кулфати кабирни сезаётирман, бул томондин, – у ҳарами ҳумоюнга ишора қилди, – ачиган сув