Коллектив авторов

Мовароуннаҳр ёди ёҳуд султон Қутуз қиссаси


Скачать книгу

бирининг ҳоли ёмон. Кўпга бормайдур.

      – Дарди не эмиш?

      – Иситма ичида ёнадур. Дарди не экани кимсага маълум эмас. Болакай на гапира биладур, на гапингизни эшитадур. У бир гунг-соқов бола эмиш.

      – Тўхтат! – Тужжор аравакашга буйруқ берди, хаста болакайнинг ҳолидан хабар олиш ниятида аравадан пастга тушди.

      У кўп раҳмдил инсон эди, қўл остидаги хизматкорларига ортиқча зулм қилмасди. Тужжорлар ва бутун шаҳар аҳли ичида айнан раҳмдиллиги учун – Абдулазиз Раҳим деган шарафли лақабга сазовор бўлган эди.

      Болакайнинг ҳоли чиндан оғир: иситмаси ошиб, жон талвасаcида инграниб ётарди.

      – Сувдан тут, – буюрди Абдулазиз Раҳим.

      Хизматкор лаблари иситмадан ёрилаёзган болакайга сув тутди. Не ёзиқки, ҳолдан тойиб, азоб ичида омонсиз ёнган хаcтажон фақат бир қултумгина сув ичди. Сўнгра у бир нималар демоқни истаб, ғулдиранди. Э воҳ, у бирдан тинчиб қолди: нафас олмоқдан тўхтаб, нолон кўзларини тепага қадаган кўйи жимиб қолди. Оғзидан бир қултум қуюқ қон ёстиққа оқиб тушди. Бир қултумгина қон! Наҳот, қайноқ қони қуюлди? Наҳот ўз нафаси ичида буткул бўғилди? Миттижон барчанинг кўз ўнгида шу тариқа – забун ҳамда хору нолон жон таслим этди. Сайфиддин кўзлари мангу уйқуга кетган беозор шеригининг жонсиз қўлларидан тутди. Майитнинг бармоқлари ҳануз иситма ичида ёнарди. Ё, ҳу! Унинг танаси ҳали совумаганди.

      Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган даштда қабр қазилди. Ювиқсиз майит, қазо чойшабисиз, жанда кийимида кўмилди. Ҳатто ўз исмини-да билмаган бир норасида болакай кимсасиз дашт бағрига – қуёшнинг оташида қизиган тупроқ қатига топширилди…

      Мана, карвон тағин олис йўлга отланди.

      Ғариб қабр ортда қолди. Сайфиддин безовта юрагини юпатмоқ бўлгандек кўксига қўлини қўйди, ўртаниб йиғлагиси келди, аммо йиғламади, фақат кимса эшитмасин учун ичида нималардир деди. Аравада бир маромда чайқалиб кетар экан, ортига сўнгги бор қаради: бир ёнда тиконларини санчмоққа шай турган янтоқ, ёвшан ва юлғин буталари, бир ёнда эса қуёшнинг оташ тафтида сувсизликдан қовжирай бошлаган туронғил, оқбош ёмғирни соғиниб, карвон аҳли билан хайр-хўш қилаётгандек ортда қолиб кетди.

      Абдулазиз Раҳим олис йўл босиб келганидан сўнг, болаларга икки кун хордиқ берди. Кейин улар ойлаб тужжорнинг хизматини қилишди.

      Ўтган ҳафта тужжор улардан ўн нафарини қул бозорига олиб чиққан, энди эса қолган беш нафарини ҳам лойиқ харидорига топширмоқни режалаган эди.

      Тонг отгач, отлар аравага қўшилди ва хизматкорлар қўлларига кишан урилган болаларни аравага олиб чиқишди. Улар тош деворлар тугаб, ғиштин деворлар қад кўтарган кўчага етиб келишди. Сўнгра орада уйсиз-иморатсиз, ўнқир-чўнқир кимсасиз йўллардан ўтиб, ялангликка чиқишди. Ниҳоят, қул бозори қаршисида пайдо бўлишди.

      Тужжор гумашталаридан бири дарвозабонга бож тўлагач, ичкарига кирмоққа рухсат берилди.

      Улкан қул бозори тепаликда ростланган бўлиб, бу ерда қулларни айрибошлаш эрта тонгдан бошланар эди. Айни дам бу ер тужжор қулдорлар-у қуллар ҳамда бозор хизматчилари-ю чаққон даллоллар билан гавжум эди.