турибди. Бу – бош табиб Ғайс ибн Ваққос. У аввалги бош табиб ал-Қумрийнинг ўрнини эгаллаганидан буён ўта фитнакорлиги, чақимчилиги билан сарой табиблари ўртасида ваҳима, қўрқув уйғотиб келади.
Ғайс ибн Ваққос партўшакда ётган амирга бош эгиб, таъзим қилди. Ал-Қумрийнинг амир ҳузурига чақирилгани унинг кўнглида ғашлик, шубҳа уйғотганди. Шунинг баробарида амир нечун чорлаганини билолмай ҳадиксирар эди.
– Сиҳатларида ўзгариш борми, амирим? – деди овозига майинлик бериб.
– Бирдек, – Нуҳ ибн Мансур совуққонлик билан чўрт кесди. – Айтингчи, бош табиб жаноблари, сиз Ҳусайн исмли навжувон табибни билурмисиз? Ҳусайн ибн Абдуллоҳ…
Ғайс ибн Ваққос ҳушёр тортди. У амирнинг ал-Қумрий ҳақида сўзлашини кутиб безовта эди. Бироқ ундай бўлмади. Бу унинг шубҳа-гумонларини янада оширди. Амир ундан ёш бола ҳақида сўрамоқда. Амирлик мулозими Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўғли Ҳусайн бир неча йилдан буён ал-Қумрийнинг суюкли шогирди экани, эндиликда Бухорода устозиданда машҳур бўлиб кетганини яхши биларди. Амирнинг ҳузурида ёлғон гапириш имконсиз. Ҳазрат шу қадар сершубҳаки, суҳбатдошининг ҳар бир гапини хуфиялари орқали суриштириши мумкин. У осмондан юлдуз учиб тушгандек ялт этиб Нуҳ ибн Мансурга қаради.
– Биламен, амирим, бироқ у жуда ёш.
– Бухорода қўли енгиллиги билан танилган эмиш?
– Авомда шундай гап юрадур.
– Демак, тасдиқлайсиз?
Ғайс ибн Ваққос беихтиёр бош эгди.
– Сизга рухсат бердик.
Бош табиб бошқа сўроққа тутилмаганидан енгил тортди. Даволаш борасида танбеҳ эшитмаганига шукр қилди. Таъзим билан хосхонадан чиқар экан, ал-Қумрийнинг амирни даволаш учун шогирдини тавсия қилганига ажабланди. Балиқнинг куни кўл билан бўлганидек, Ғайс ибн Ваққос ўзгача фикрлай олмади. “Бул қария амирнинг ғазабидан қутулиб қолмоқ мақсадида шогирдини рўбарў қилган”, деб ўйлади.
* * *
Ал-Қумрий Аркнинг салобатли зиналаридан регистон майдонига тушганида фалакда қора булутлар кезарди. Ҳар-ҳар замонда ёришаётган осмон даричасидан йилт этган бир тутам нур кўриниб қолади ва яна лаҳзада чексиз гардуннинг сирли пучмоқларига беркиниб олади. Булутларнинг пастлай бошлагани тез орада қайта ёмғир ёғишидан дарак. Кекса табиб осмонга қараб олди-да, тез-тез юриб регистон майдонидан чиқиб кетди.
Бухоро кўчалари одамлар билан гавжум. Кимдир бозорга шошади, яна бир толиби илм қўлтиғига китобини қистириб олганича мадрасага. Бозор четидаги ҳунармандлар растасига яқинлашганида темирчи устахонасидан сандонга урилган болғанинг тарақа-туруқ шовқини эшитилди. Унга мисгар болғачасининг чиқ-чиқ товушлари қўшилиб кетди. Ал-Қумрий бу шовқин-сурондан безиб, қадамини тезлатди ва бозор ортидаги мулозимлар маҳалласига кириб борди.
Ал-Қумрий дарахт новдаларидек ўнг ва чапга тарвақайлаган тор кўчаларга бурилмай анча юрди. Ниҳоят, катта кўчанинг ўнг тарафидаги ислими нақшлар ўйиб ишланган катта дарвоза рўпарасида тўхтади. Уй олди бодомзор боғча. Ўртада бир йўлак. Йўлакдан ўтиб бориб, дарвозани очди ва ҳеч иккиланмай ичкарига кирди. Бу хонадонда амир саройи