даричалардан тушаётган ёруғлик кесимида сирли ва жозибали эди. Ҳусайн қўлини қовуштириб, отаси билан устозига таъзим билан салом берди. Шундан сўнг алвон ранг шоҳи кўрпачаларга ўтирдилар. Ал-Қумрий ихчам дуо ўқиб, қўлини юзига тортди.
– Ўғлим, устозингни меҳмон қиламизми? – Абдуллоҳ ўйга чўмиб ўтирган ўғлига мурожаат қилди. Шундан сўнг жилмайиб ал-Қумрийга қаради. – Айтдим-ку, шогирдингиз хонанишинлиги баробаринда феъли ҳам ғалат бўлиб бормоқда. Фикр-хаёлида китоблару гиёҳлар.
Ҳусайн хижолат бўлиб ўрнидан тураётганида ал-Қумрий ишора билан тўхтатди.
– Қадрдоним Абдуллоҳ, ҳозир амир суҳбатида бўлиб келаётирмен. Ҳусайн билан ул зоти олийнинг ҳузурларига шошилинч бормоғимиз лозим.
Бу гапни эшитиб, Арк қалъасидаги шарт-шароитларни, амирнинг қалтис феълини яхши билган Абдуллоҳнинг ранги ўчди. Не деярини билмасдан бир муддат каловланди.
– Нечун?! Не сабабдан?! – базўр тилга кирди у.
Абдуллоҳ кўп йиллардан буён қалъа хизматида эди. Амирнинг қаҳрига дуч келганларнинг забун ҳолини кўп кўрди. Шу дамда ўғлидан айрилиб қолаётгандек титроққа тушди. Ал-Қумрий унинг аҳволига қараб хижолат бўлди.
– Хавотирга ўрин йўқ, – деди. – Мен шошиб сизни чўчитиб қўйдим.
Шундан сўнг амир ҳузурида бўлган суҳбатни оқизмай-томизмай айтиб берди.
– Эҳтиёт – нисфи ҳаёт32, – Абдуллоҳ бироз бўшашди.
– Ҳа, барчамизни Худо асрагай. Менинг лисоним фалакдин ёғилгандек бўлди. Узримни қабул айланг. Амир қабулидан сўнг Ҳусайнни фариштали хонадонингизга ўзим олиб келгаймен. Оллоҳ ёр бўлиб, зора амир дардига шифо топса.
Шу пайтгача отаси билан устозини жим тинглаб ўтирган Ҳусайн бирдан безовталаниб қолди. Унинг ботинидан ўтган гаплар биргина ўзига аён эди. Босиқ феълли, одатда камгап бўлган йигит тўлиб-тошиб сўзлай бошлади:
– Ота, устоз! – у ҳаяжонланиб бир отасига, бир ал-Қумрийга қаради. – Амирнинг ҳузурига борурмен! Бул хусусда бисёр ўйлаб кўрганмен. Устоз аввал ҳам давлатпаноҳнинг хасталиклари борасида сўзлаб берганлар. Шундан буён ташхис излаймен. Бироқ, хастани кўрмай ташхис қўймоқнинг иложи йўқ. Аросатда эдим. Бул имконият менинг учун рағбатдин ўзга бир нарса эмас!
Шогирдининг ҳис-ҳаяжонга тўла сўзлари ал-Қумрийни шошириб қўйди:
– Ҳусайн, айт-чи, – у кимдир гапларини эшитаётгандек овозини пасайтирди, – амир хасталиги борасида хулосанг недур?
– Хасталик ҳолатларининг юз бериши бир текис – кўпаймайди ҳам, пасаймайди ҳам деган эдингиз.
– Ёдимда.
– Шунинг ўзи ҳам муолажа натижасига умид уйғотади.
– Балли!
– Аниқ хулосаларни далилларга асосланиб чиқармоқ лозим.
– Тасанно!
Ҳусайн устозининг мақтовига бефарқ қолди. Фикру ёди Нуҳ ибн Мансурнинг хасталиги хусусидаги ўй-хаёллар билан қаттиқ бандлиги юз-кўзидаги таранг ифодалардан сезилиб турарди. Устоз-шогирднинг суҳбатларини эшитиб отаси бироз енгил тортди. Амирнинг ёш табибга озор етказмаслик борасидаги