ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ


Скачать книгу

келажак сари кетаяпман. Сен қарама-қарши томонга юрмассан.

      – Ҳатто ёрқин келажакка ҳам сен билан ёнма-ён бормайман. Аммо кўрамиз, ёрқин келажакка қайси биримиз тезроқ етиб борар эканмиз?

      Бу воқеани айтиб тугатган нотиқ яна сўзида давом этди:

      – Битта шоир чўпон ҳақида шундай шеър ёзибди:

      Тоғлар узра тарқади туман,

      Бизга манзил кўринди равшан.

      Қўйларингни ҳайда, эй чўпон,

      Ўша ёрқин келажак томон.

      Ёки ғояпараст рашкчи эр туман партия қўмитасига шундай ариза ёзган экан:

      «Қанча тушунтирмай, ҳатто жисмонан таъсир кўрсатмай менинг хотиним «Партия тарихининг қисқа курси» китобини етарли даражада ўқимаяпти. Туман партия қўмитасидан хотинимни ғоявий жиҳатдан тарбиялашга ёрдам кўрсатишини сўрайман».

      Ёки бир кун Доғистон Ёзувчилар уюшмаси эшигида ваҳимали эълон пайдо бўлди: «Чуқур назарий жиҳатдан тайёрланмасдан туриб, бу эшикдан киришга ҳаққинг йўқ!»

      Ўша куни кекса машҳур шоир Абутолиб Ғафуров қандайдир иш билан Ёзувчилар уюшмасига келаётган экан, эълонни ўқиб қайтиб кетибди.

      Ёки кўп миллатли Маҳачқалъа шаҳрида турли қабристонлар бор: мусулмонларники, христианларники…

      Ҳаддан ташқари, ғояпараст киши республика фаоллари йиғилишида шундай дебди:

      – Биз халқлар дўстлиги учун тинмай кураш олиб бораяпмиз, лекин шаҳримизда ҳар бир миллатнинг ўз қабристони бор. Барча учун умумий янги қабристон очиш вақти келди. Унга яхши ном ҳам қўямиз, масалан, «Бир оила болалари». Тўғрисини айтсам, менинг ота-онам диндор бўлишган. Худога ибодат қилишган. 1937 йилдан буён партия аъзоси бўлган мендай одам ота-онам билан битта қабристонда ётишим мумкинми? Шундай экан шаҳримизда юқори ғоявий мазмундаги янги қабристон очишимиз керак.

      АЙТИШЛАРИЧА, бу бечора ғояпараст ўзи истаган қабристон очилишини кута-кута вафот этибди.

      – Шунинг учун айтаяпман, – дея овозини кўтариброқ гапирди вазир, – китобнинг номи – бу бўрк. Аммо нима муҳим: бошми ёки бўрк? Яхшиси, овчилар қандай қилиб бўри овлагани тўғрисидаги ҳикояни айтиб берай.

      ОВЧИНИНГ БОШИ БОРМИДИ? Учта овчи овулга яқин дарага бўри бекинганидан хабар топишди. Улар бўрини топиб, ўлдиришга қарор қилишди. Халқимиз уларнинг бўрини қандай овлагани тўғрисида кўплаб ҳикоялар тўқишган. Болалигимда айтилган бу ҳикоя менинг ёдимда қолган.

      Бўри овчилардан қочиб ғорга бекинган. Ғорга бош сиғади-ю, елка сира сиғмайди. Овчилар нима қилишни билмай тошнинг орқасига ўтиб, милтиқларини тўғрилашганча бўрининг ғордан чиқишини кута бошлаган. Албатта, бўри ҳам аҳмоқ эмас, ўзини ўққа тутиб берадиган. Демак, бу ўйинда кутишдан чарчаган томон ютқизади.

      Битта овчининг сабри чидамади. У ғорга кириб, бўрини ҳайдаб чиқмоқчи бўлди. У ғорнинг олдига келиб, бошини ичкарига суқди. Шу кўйи қимирламай тураверди: на ичкарига киришга уринади, на бошини чиқаришга. Икки овчи бу ҳолатни кўриб туравериб чарчашди ва яқинлашиб биринчи овчининг гавдасини туртишди. Думалаб тушган гавдага қарашса, унинг боши йўқ эди.

      Улар