ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ


Скачать книгу

қимматли ўлжа билан қайтса, хотини пешвоз чиқиб отининг бўйнига шойи рўмол ташлаши керак.

      АЛБАТТА, ўткир фикрни жўн ифода этиш, бу қўзичоқни оч бўрига рўпара қилишдай бир гап.

      АЛБАТТА, энг мустаҳкам арава ҳам тошлоқ сўқмоқда синиши ва жарликка қулаши мумкин.

      АЛБАТТА, эшакнинг жазлиғи отнинг елкасини безамайди, ёки учқур отнинг эгари эшакка ярашмайди.

      Шу ўринда балхарлик кулол ва унинг қирчанғиси тўғрисидаги воқеани сўзлаб берайин.

      БАЛХАРЛИК ВА УНИНГ ҚИРЧАНҒИСИ ТЎҒРИСИДА ҲИКОЯТ. Балхарлик кулол ўзининг қирчанғисига тувак, кўза ва лаган солинган хуржунини юклаб, қўшни овулларга сотиш учун жўнади.

      Ўша куни аварлар овулида пойга бўлиши белгиланганди. Пойгага бошқа овуллардан ҳам норғул чавандозлар ўзларининг гижинглаган тулпорларида келишганди. Бу чавандозларни ҳам, улар минган тулпорларни ҳам эл танир эди. Чавандозлар ўктам ва чиройли, тулпорлар чайир ва гижинглаб турарди. Пойга бошланишини кутаётган чавандозларнинг ҳам, тулпорларнинг ҳам кўзлари чақнарди.

      Чавандозлар сафга тизилишди, шу пайт майдондан қирчанғисини миниб олган балхарлик кулол эгар устида уйқусираб келаётганди, қирчанғиси оёқларини судраб босарди. Ёш чавандозлар балхарлик кулолга гап ташлашди:

      – Қани пойгага қўшилинг.

      – Қирчанғингизни тулпорлар рўйхатига қўшиб қўяйлик.

      – Қани, қирчанғингиз тулпоримиз билан бир пойга қилиб кўрсин.

      – Биз билан пойгага қўшилинг, ахир, кимдир орқада тулпорларнинг тушган тақаларини териб юриши керак-ку.

      Балхарлик жавоб бериш ўрнига индамай қирчанғисидан тушди, тувак, кўза ва лаган солинган хуржунини эгардан олди. Юкни бир чеккага қўйиб, қайта қирчанғисига минди ва чавандозлар қаторига келиб қўшилди.

      Чавандозларнинг отлари гижинглаб, олд оёқлари билан ерни тепиб сакрарди, ҳар тепганда тупроқ кўчиб тўзонга айланарди. Балхарликнинг қирчанғиси бошини қуйи солганча қилт этмай турарди.

      Мана пойга бошланганига ишора берилди. Тулпорлар шамолдай жойидан қўзғалди, чанг-тўзон булутдай осмонга кўтарилди. Балхарлик қирчанғисида чанг-тўзон орасида қолди. Тулпорлар бир давра айланди, кейин иккинчи даврани, сўнг учинчини… Ҳамма кўриб турарди, тулпорлар чарчай бошлади, олдин уларда тер кўринди, кейин буғ кўтарилди, сўнг терлаган яғринига чанг ўтирди. Тулпорларнинг қадам ташлашлари секинлашди, кейин оёқлари чалишди. Чавандозлар тулпорларини этиклари билан қанча ниқташмасин, энди улар тезлигини ошира олмасди. Фақат балхарликнинг қирчанғиси бир текис одимларди. Қирчанғи аввал орқадаги отларга тенглашди, кейин бирин-кетин қувиб ўта бошлади, охирги ўнинчи даврада барча тулпорларни ортда қолдирди.

      Балхарлик минган қирчанғининг эгилган бўйнига ғолиблик шойи рўмоли ташланди. Кулол қирчанғисидан тушиб, юки олдига келди. Тувак, кўза ва лаганлар солинган хуржунни эгар устига ортди ва қирчанғисига миниб йўлида давом этди.

      Пойгада рўй берган воқеа адабиётда ҳам тез-тез учраб туради.

      ЁН ДАФТАРЧАДАН: Енгилгина