ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ


Скачать книгу

китобдан ўқимаган экан. Лекин бари бир жавоб бериши керак. У ўйлаб-ўйлаб шундай жавоб берибди:

      – Реализм – бу бургутни бургут дейиш, романтизм эса хўрозни бургут деб аташдир.

      Профессор кулиб юборибди ва менинг юртдошимнинг синов дафтарчасига синовдан ўтганини қайд этибди.

      Бу ҳақда менинг фикримни сўрасангиз айтиб қўяй, мен аввал бошданоқ отни от, эшакни эшак, хўрозни хўроз ва мардни мард дейишга ўрганганман.

      ЁН ДАФТАРЧАДАН: Машҳур Робиндранат Тагорнинг укаси ҳам бўлган, у ҳам ёзувчи эди. Укаси ҳинд адабиётидаги бенгал мактабининг давомчиси бўлган. Лекин Робиндранатнинг ўзи бир мактаб эди, ўзи бир адабий оқим эди, ака-ука ўртасидаги фарқ ҳам шундадир.

      Робиндранат қалбида бир қуш яшарди, у дунёдаги ҳеч бир қушга ўхшамасди ва унгача дунёда бўлмаганди ҳам. У бу қушни адабиёт ва санъат осмонида эркин учиш учун қўйиб юборди ва ҳамма бу қуш Робиндранатнинг қуши эканини кўрди.

      Агар санъаткор ўз қушини эркин парвозга қўйиб юборганда қушлар галасига қўшилиб йўқолиб кетса, яъни ўзига ўхшаш қушлар орасидан ажратиб бўлмаса, демак, у ҳали санъаткор эмас. Демак, у ўзига хос, ҳайратга солувчи қушни эмас, оддий чумчуқни парвоз этишга қўйиб юборган, энди унинг чумчуғини чумчуқлар галасидан ажратиб бўлмайди, унинг чумчуғи чиройлидир, лекин чумчуқ бари бир чумчуқда.

      Одамнинг ўз уйи бўлиши ва ундаги ўчоққа ўт ёқиши керак. Бировнинг отини қанча минма, бари бир эгаридан тушиб отни эгасига берасан. Ўзгалар фикрларини эгарлагандан кўра, ҳамиша ўз фикринг бўлсин.

      Адабиётни пандурга, ёзувчиларни унинг таранг тортилган торларига ўхшатишга жазм этаман. Ҳар бир торнинг ўз овози бор, улар бирлашса мусиқа яралади.

      БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, битта овчи фалон дарада катта тоғ такасини отибди деган гап тарқалади, ҳамма овчилар ўша дара томон шошилади. Бу вақтда ўша биринчи овчи бошқа дарада айиқ отгани маълум бўлади.

      Энди овчилар тўдаси айиқ овланган дарага чопишади. Бу вақтда биринчи овчи бошқа дарада қоплон овлайди… Шундай экан сўрагинг келади: улардан қайси бирлари ҳақиқий овчи? Ўзи ўлжа излаётганими, ёки омадли овчининг изидан чопаётганларми? Бундай изма-из чопаётган овчилар қопқондан бировнинг ўлжасини олишдан ҳам тойишмайди.

      Бундай чопағон овчилар баъзи бир ёзувчиларни эсимга солади. Истардимки, бир танишим қилган ишни бошқалар қилишмасин. У Корней Иванович Чуковский билан танишгандан кейин ўзини Абутолибни танимаганга олганди.

      Истардимки, денгизгача етиб борган дарёлар чексиз мовий уммонга қўшилиб кетгандан кейин ҳам ўзининг йўли тоғдаги булоқдан бошланганини, босиб ўтган тошли сойларни, нишаб жилғаларни ҳеч қачон унутмасин.

      Ҳа, мен – тоғ жилғасиман! Мен ўз йўлим бошланган булоқни, тошли сойларимни яхши кўраман. Мен сувим оқиб ўтадиган илон изи дараларни ҳам, сувимни сачратиб шаршара ҳосил қиладиган қояларни ҳам, сокин оқиб ўтадиган текис жойларни ҳам яхши кўраман, зеро, айнан тинч оққан сувда ён-атрофдаги тоғлар, осмон ва юлдузлар аниқ акс этади. Сув олдин секин, кейин тобора тезроқ