чўқишда қочиришини айтишди. Мен дарҳол ўша овулга равона бўлдим.
Сўлим тонгда, бир-бирини қарғаш, ҳақоратлаш ўрнига ҳаёт гўзаллигидан лаззат оладиган пайтда излаб келган уйимнинг остонасидан ичкарига кирдим. Мен соддадиллик билан кампирга нима мақсадда келганимни айтдим: «Бир-иккита қаттиқроқ ботадиган қарғишлар айтсангиз бўлди, мен уларни ёзиб олиб достонимга киритаман».
– Сенинг тилинг қуриб танглайингга ёпишсин, севган кишингни тополмай қолгин, менинг олдимга жўнатган киши сенинг гапингни бошқа тушунмасин, узоқ сафарлардан туғилган овулингга қайтганингда салом беришга тилинг айланмасин, тишларинг битта қолмай тўкилиб оғзингда шамол ўйнасин. Эй, сен шоқолнинг боласи, мен шод бўлмасам қандай куламан (Илоҳим, сени шодликдан бебаҳра этсин). Агар уйда ҳеч ким ўлмаган бўлса, ҳақорат қилмаган бўлса, сенга қайси гўрдан олиб қарғиш тўқийман, ер ютгур. Қани тезроқ қорангни ўчир, бунақа бемаза гапларинг билан бошимни қотирма.
– Сизга катта раҳмат! – дедим ва бу хонадоннинг остонасидан узоқлашдим.
Йўлда кетар эканман ўйга толдим: «Агар бу кампир ҳеч бир сабабсиз, кутилмаганда кириб келган менга шунча қарғиш ёғдирган бўлса, у ўзини ранжитган ёки жаҳлини чиқарган одамни қандай қарғар экан?»
Эҳтимол, келажакда доғистонлик фольклоршунослардан бири қарғишларни ҳам ўрганар, уларни тўплаб китоб ҳолига келтирар, ўшанда одамлар сўзга топқирлик меъёрини, нозик фаҳмлилик чегарасини, қанчалар хаёлга эрк бериш мумкинлигини, тоғликлар сўзида ифодалаш кўламининг кенглигини билиб олишарди.
Ҳар бир овулга хос қарғиш бор. Ўзингизни қарғишларнинг куйдирувчи алангасидан сақланг. О, бу қарғишлар. Биттасида оёқ-қўлинг акашак бўлади, бошқасида жасадинг гўрда чирийди, учинчисида овқат еб турган вақтингда икки кўзинг косага ўйилиб тушади, тўртинчисида ўйилиб тушган кўзинг ўткир қояларга урилиб, тубсиз жарда йўқолади… Умуман олганда, кўзга боғлиқ қарғишлар жуда ваҳимали. Лекин улардан ҳам ваҳимали қарғишлар бор. Мен битта овулда иккита аёлнинг бир-бирини шундай қарғаётганини эшитдим.
– Худойим, болаларингни тил ўргатадиган одамдан жудо қилсин.
– Йўқ, сенинг болаларинг бировга тил ўргатаман деса, Худойим, уларни болаларингдан мосуво қилсин.
Мана шунақа ёмон қарғишлар ҳам айтилади. Лекин тоғликлардан кимдир она тилини қадрламаса, унга қарғиш тегмаган бўлса ҳам ҳурматини йўқотади. Тоғлик она ҳеч қачон тил қоидалари бузилган шеърни жигарбандига ўқимайди.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. У инқилобдан кейин Италияга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган. Тоғликлар анъанаси бўйича тарбия кўрган доғистонликнинг янги мамлакатга кўникиши қийин кечибди. Дунё бўйлаб кезиб чиққан рассом охир гўзал пойтахт шаҳардан қўним топибди. Аммо қайда кезмасин соғинч ажралмас йўлдош бўлибди. Мен бўёқлар орқали суратларга кўчган соғинчни кўргим келди ва рассомдан ижод намуналаридан кўрсатишини сўрадим.
Рассом «Ватан соғинчи» суратини кўрсатди. Унда итальян аёл (рассомнинг