ҲАМЗАТОВ РАСУЛ

МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ


Скачать книгу

Мен шундай ёзайинки, улар онамга, опамга, ҳар бир тоғликка, китобимни қўлига олган ўқувчига тушунарли бўлсин. Мен уларни зериктиришни эмас, уларга қувонч бағишлашни истайман. Агар менинг тилим ўзгаларга тушунарсиз, ёқимсиз, зерикарли бўлиб қолса, бир сўз билан айтганда тилимни йўқотиб қўйсам, менга ҳаётда бундан ортиқ кулфат йўқ.

      ЭСИМДА, баъзан овулимиздаги кексалар масжид олдида тўпланиб, айрим масалаларни муҳокама қилишарди. Мен ҳамма тўплангунча отамнинг шеърларини ўқиб берардим. Бола бўлсам ҳам шеърларни жўшиб (айтиш мумкинки, ҳаддан зиёд жўшиб), бор овозда, ўзимга ёққан сўзларни дона-дона қилиб талаффуз билан ўқирдим. Мисол учун отамнинг янги «Цадада бўри ови» шеърини ўқир эканман, «ц» ҳарфини тишларимнинг орасидан ўтказиб чийиллатиб талаффуз қилардим. Ўйлардимки, шундай ўқилса жарангдорроқ чиқади ва яхшироқ таассурот қолдиради.

      Отам ҳар сафар сўзни тўғри талаффуз қилиб, дер эди:

      – Сўз ёнғоқ эмас, уни тош билан қарсиллатиб чақадиган. Ёки сўз саримсоқ ҳам эмас, уни тош билан ҳовончада майдалашга ҳожат йўқ. Ёки сўз тошлоқ ер эмас, уни қийналиб шудгор қиладиган. Сўзни зўриқмасдан эркин айт, тишингни тишингга босиб ўзингни қийнама.

      Мен сатрни қайтадан ўқидим, яна сўзни илгаригидай талаффуз қилдим. Шу вақт онам уйимизнинг томидан менга қараб турарди.

      Отам жаҳл билан онамга бақирди:

      – Ҳеч бўлмаса ўғлингга сен ўргат.

      Онам мен учун қийин бўлган сўзни отам хоҳлагандай талаффуз билан айтди.

      – Эшитдингми! Энди сен айт.

      Мен яна тўғри талаффуз қила олмадим.

      – Тфу, – деди отамнинг кайфияти тушиб. – Сўзни бузган битта жалатуринликни супурги билан савалагандим. Энди ўзимнинг ўғлимни нима қилсам экан?

      Хафа бўлган отам йиғинга қатнашмасдан уйга қараб кетди.

      НЕГА ОТАМ ЖАЛАТУРИНЛИКНИ КАЛТАКЛАГАНДИ? Баҳор фаслидаги бозор куни. Маълумки, баҳорда ўтган йилдаги ҳосилнинг баракаси учади, янги ҳосилдан эса дарак йўқ. Шу боис бозордаги нарсалар кузга нисбатан баҳорда анча қиммат бўлади. Ҳатто, далада ўсмайдиган нарсалар, масалан, кулоллар ясайдиган туваклар ҳам.

      Ҳали у вақтда навқирон бўлган отам бозор-ўчар қилишга отланди. Қўшнимиз унга йигирма тийин бериб, супурги қўшиб олиб келишни сўрабди.

      – Агар супургини арзонроқ олсанг, қолган пули сеники, – деган қўшнимиз ёш Ҳамзатга.

      Отам бозорда супурги сотувчисини топган ва савдолаша бошлаган. Барчага маълумки, Шарқ бозорида биринчи айтилган нарх ҳеч нарсани англатмайди. Чунки сотувчи беш тийинлик нарсага юз сўм сўраши мумкин. Хуллас, отам яхши супургини танлаб эгасидан сўраган:

      – Сотасанми?

      – Бўлмаса, нега шу ерда турибман.

      – Қанча?

      – Қирқ тийин.

      – Супурги от эмас, туянинг нархини айтадиган. Ҳақиқий баҳосини айтавер.

      – Қирқ тийин.

      – Ҳазиллашаяпсанми?

      – Қирқ тийин.

      – Йигирма тийинга бер.

      – Қирқ тийин.

      – Менинг