қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади. Уйнинг томига ёмғир томчиларди. Биз Аваристонда ўтирардик. Эҳтимол, ҳозир дунёнинг нариги четидаги Париж шаҳрида Доғистоннинг адашган ўғли ҳам ёмғир томчилари овозини тинглаётгандир. Узоқ жимликдан кейин она деди:
– Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганда авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди.
ЭСДАЛИКДАН: Авар театрида ишлаб юрган вақтларим эди. Тоғликларни драма санъатидан баҳраманд этиш ниятида спектакль декорациялари, кийимлари, жиҳозларни (бу лаш-лушларни эшакларга юклардик, айримларини актёрлар ўзи билан оларди) овулдан-овулга олиб ўтардик. Театрда ўтказган даврим тез-тез эсимга тушади.
Спектаклдаги оммавий саҳналарда ижро этишим учун кичик роль ҳам беришарди, лекин асосан суфлёрлик вазифасини бажарардим. Мендай ёш шоирга роль ижро этишдан кўра суфлёрлик қилиш кўпроқ ёқарди. Чунки мен учун спектаклдаги актёрлар ҳаракати, ўз ролларидаги тимсолга кириши, юз қиёфаларини ўзгартириши, уларнинг кийиниши, гримлари, декорациялари иккинчи даражали нарса бўлиб туюларди. Мен учун спектаклдаги энг муҳими сўз эди. Шу боис актёрларнинг сўзларни тўғри талаффуз қилишларини диққат билан кузатиб борардим. Агар бирор актёр сўзларни ташлаб кетса ёки талаффузини бузиб қийматини тушириб юборса суфлёрлик ўрнимдан туриб, залга қараб ўша сўзни тўғри талаффузда баралла айтардим.
Ҳа, мен матн ва сўзни муҳим деб ҳисоблайман. Чунки сўз гримсиз ҳам, либоссиз ҳам яшай олади ва спектакль мазмунини томошабинга етказиб беради.
Бир куни спектакль давомида қизиқ воқеа бўлганди. Биз тоғликлар ўтмиши ҳақидаги «Тоғликлар» спектаклини намойиш этаётгандик. Мен одатдагидай суфлёрлик ўрнидаман. Қонли қасосдан қочиб тоғда бекиниб юрган спектакль қаҳрамони Айгази тунда овулига келиб, севгилиси билан учрашаётган саҳна эди. Севгилиси Айгазига (бу ролни актёр Магаев ўйнаётганди) тезроқ тоққа қайтишни, йўқса уни душманлари келиб ўлдириши мумкинлигини айтарди, у бўлса севгилисини пўстини билан пана қилиб, нақадар севишини, жуда соғинганини гапирарди.
Шу вақт кутилмаган воқеа юз берди. Саҳнага Магаевнинг хотини югуриб чиқди. У бегона аёлга севги изҳор қилаётган эрига ғазаб билан ташланди. Магаев хотинининг қўлидан ушлаб, саҳна орқасига судради, бу спектакль эканини тушунтира бошлади. Актёр ўйлагандики, хотини айтган гапини дарҳол тушунади ва қайтиб келиб спектаклни тўхтаган жойидан давом эттираман. Аммо хотини унга ёпишиб олиб, саҳнага қайтишига йўл қўймади. Севгилиси эса саҳнада ёлғиз қолди, спектакль тўхтади.
Мен ўша вақтда суфлёрлик жойимда ўтирардим, ҳеч қандай гримсиз замонавий шим-кўйлакда эдим, бунинг устига кўйлагимнинг ёқаси очиқ, чамаси қулай бўлиши учун шиппак кийиб олгандим. Албатта, шу кўринишда актёр Магаев ўрнига саҳнага чиқиш мумкин эмаслигини тушунардим. Ҳолбуки, Айгази ролининг сўзларини ёддан билардим. Аммо мен спектаклда либослардан кўра сўзни муҳим ҳисоблаганим учун ўша кўринишда саҳнага чиқдим