Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ

НАМОЗШОМ ХАЁЛИ


Скачать книгу

Мўмин Холнинг нигоҳи столга ўмгаҳини тираган кўйи иршайиб ўтирган Сидоровнинг бароқ соқолига, совуқ чақнаётган чайир кўзларига тушди.

      Шунингдек, стол устида Лениннинг кичкина ҳайкалчасини ҳам кўрди.

      Отюз, қиррабурун, уккикўз, тепа сочи тўкилган Балоян эса, столнинг чап ёнида, деворга тақаб қўйилган юмшоқ ўриндиқда ястаниб, оёқларини чалиш-тириб ўтирибди. Худди… тошдан йўнилган ҳайкалдек.

      Хона ўртароғида бир курси кўзга қорайиб кўринмоқда эди.

      – Кўряпсанми?

      – Кўряпман.

      – Жудо яхши, – деди Балоян. – Отур!

      … ток улаб қўйилган бўлса!

      Aммo, шундай ўйлаётган эса-да, ўтирмай иложи йўқ эди – Мўмин Хол курсига чўнқайди. Хазин хўрсинди:

      – Кишанни ечиб олинглар? – деди.

      – Фақат битта шарти бор! – деди Балоян русчалаб. – Биз айтгандай қилиб тилхат ёзиб берасан.

      – Айтганман-ку, мен ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганман! – деди Мўмин Хол.

      – Берган, сеники пара берган! – деди Балоян. – Яхшиликча, иқрор бўл, Холов!

      – Бермаганман ахир, ўртоқ Балоян! – деди Мўмин Хол бўғиқ оҳангда. – Ишонинг, пора берган бўлсам, тил тортмай ўлай.

      Қошлари ўжар чимирилиб, Балоян ирғиб ўрнидан турди:

      – Свет! – деди.

      Шартта Сидоров курсида ортига айланаркан, кучли қўлчироқ нурини деворга тутиб:

      – Кўриб қўй! – деди. – Қара… яхшилаб қара!

      Деворда Карим Раҳимнинг каттакон суратини кўриб, бир зум Мўмин Хол анграйиб қолди: дунёсининг энг бахтиёр одами каби Карим Раҳим яйраб куляпти. Бошида чиройли дўппи, эгнида сталинча тўрт қиссали камзул. Кўркам. Юз-кўзлари беғубор кулгидан яшариб, яшнаб кўринади… Қараб туриб, унинг яшаёлганигами, кўнгилларда ўчмас бир из қолдиролганигами, нимасигадир ки-шининг ҳаваси келади.

      – Ана шу одамга сен ўттиз минг пора бергансан, – деди Балоян. – Тўғрима, Холов?

      – Бермаганман, ўртоқ Балоян, Худо хайрингизни берсин, ишонинг ахир?!

      – Етар!.. – Сўкиниб, қўл силтади Балоян. – Бермаган бўлсанг ҳам, ўттиз минг пора берганман, деб тилхат ёзасан. Чунки, унинг ўзи сени пора берганлар рўйхатига ёзиб қўйган. Сен ўн еттинчи ўриндасан. Етмиш икки киши унга пора берган. Етмиш икки!.. Билдингми?

      Балояннинг гапларига ишонарини ҳам, ишонмаслигини ҳам билолмай, та-ғин Мўмин Хол суратга хомуш тикилди. Хўрсинди.

      … йўқ, гапларига ишонмаслик керак. Иблис-да, авраб, илинтирмоқчи. У одам ўз бўйнига ўзи сиртмоқ соладиганлардан эмас. Ана!.. Агар мабодо па-лакат босиб, пора берганлар рўйхатини Карим Раҳим ўз қўли билан тузган бўлса ҳам, у қаторга мени тиркаёлмайди. Асло!.. Чунки, пора тўғрисида менга, бирор ишора ҳам… Йўқ, бермаган нарсамни бердим деб… Йўқ!.. Эрта бир кун юз-юзга, кўз-кўзга… Йўқ!.. Ёзмайман… ёзмайман… ёз…май…ман.

      Кишан айни бўғма илондай экан. Сал қўли қимирлаб кетса ҳам, билагини янаям баттарроқ сиқиб, тобора азоб бермоқда эди.

      Мўмин Хол Балоянга мунграйиб:

      – Илтимос, кишанни ечиб олинг? – деди.

      Балоян, ниҳоят, юрагидаги очофат қонга тўйган каби совуқ кулимсираб:

      – Ёзасанми? – деди.

      Мўмин Хол оғир бошини чайқади:

      – Ёзмайман, – деди.

      Бирдан