Маматқул Хазратқулов

Гладиолус


Скачать книгу

насиҳат қилган, бундай ишлар яхшиликка олиб келмаслигини мисоллар билан тушунтирган эди. Афсуски, одам боласини ўзгартириш қийин экан. Нима етмайди унга? Мансабми? Муовин бўлмоқчими? Бунинг учун ғийбат, иғво билан шуғулланиш керакми? Дардини очиқ айта қолмайдими… Аслида бунга ўхшаганларга мансаб ҳам бериб бўлмайди, ҳамма нарсани шахсий манфаатига буради, фақат ўзини ўйлайди, одамларнинг тақдири заррача қизиқтирмайди уларни… Бўлмаса, ёнида юрган, кўз ўнгида ўсиб-улғайган ёш йигит шу даражага етганидан қувонмайдими? Дўстнинг дўстлиги оғир кунлардан кўра, қувончли кунларда кўпроқ билинади, деган гап рост экан-да. Эссиз… Ҳасад, кўролмаслик, ёшларнинг йўлига ғов бўлиш… Қачон қутуламиз бундай иллатлардан?.. Бунақа одамлар, бу каби суҳбатлар киши дилини хуфтон, ҳафсаласини пир қилади.

      Комил ака ўрнидан оғир қўзғалди. Жавон олдига бориб, Навоий “Девон”ини олди. Бирон нарсадан сиқилса Навоийни ўқийди, бундан дардига малҳам топгандай бўлади, кўнгли бироз ёзилади. Тўғри келган саҳифани очди:

      Нокасу ножинс авлодин киши бўлсин дебон,

      Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.

      Давомини ўқимади, ўқигиси келмади.

      Кўзини юмиб, ўйга толди. “Эй, ожиз банда, бунчалар тубан бўлмасанг. Ғийбату, фисқу фасодга, худбинлик балосига бунчалар гирифтор бўлмасанг… Бир эшикдан кириб чиқасан, бир дастурхонда овқатланасан… Қайси юз билан гапирдинг шу гапларни? Яна қасам ичаман, дейди-я… Эртага уни, мени юзимга қандай қарайсан?..”

      Китобни жойига қўйди. Сўнг ўрнига келиб ўтирди-да, ён дафтарига ушбу сўзларни ёзди. “Мажидиддинлар ҳали батамом йўқ бўлмаган… Йўқ бўлармикан? Билмадим-ов… Демак, доимо ҳушёр ва сергак бўлмоқ керак…”

      Эшик қия очилиб, Илҳом кўринди.

      – Нима гап? – деди Қаюмов.

      – Кечирасиз, Комил ака… Соат ўн икки бўляпти…

      Ҳоким девордаги соатга кўз ташлади.

      – Ҳа-а, ўн икки дегин… Бўпти, машинани чақир.

      – Хўп бўлади, – ёрдамчининг овози бироз дадил, хурсанд эшитилди.

      Бундан ҳокимнинг юзига майин табассум югурди. Гўё ёрдамчиси олдида ўтиргандай секин гапирди: “Менку ишни, одамлар дардини эшитишни, иложи борича уларга ёрдам беришни ўзим учун ҳаловат, умрим мазмуни, деб биламан… Сен-чи, Илҳом? Сен ҳам бунга кўника олармикансан? Шу тахлит ишлаб кета оласанми?.. Ўрганасан. Ахир неча йилдан бери ёнимдасан-ку. Мана, Даврон эплаб кетди-ку. Кутганимдан ҳам зиёда қилиб бажараяпти ишларни. У ҳам бир пайтлар сенга ўхшаган ёрдамчи эди… Фақат ҳалол, виждонан ишласанг бас… Анави Холбойларга ўхшаб қолмасанг бўлди… Худо асрасин…”

2018 йил

      РАПОРТ

      Еттинчи бригада бошлиғи Темир ака қош қорайганда ҳовлиққанча колхоз идорасига кириб келди. Котиб йигит телефонда ким биландир қаттиқ-қаттиқ гаплашаётган экан. Бригадир шундан фойдаланиб раис хонасининг эшигини очди. Тамаки тутунига кўмилиб, аллақандай қоғозларни титкилаб ўтирган раис эшик томон ўгирилди. Эгни-бошига пахта ёпишган, юзлари, қош-киприклари, мўйлабигача оппоқ гард ўтирган, новча, қотмадан келган Темир ака раисга қувонч билан боқиб турарди.

      У