сизни кутиб ўтириб, овқатиниям егани йўқ. Рапортингизни топширдингизми? Ҳеч бўлмаса бугунги хурсандчиликда болаларминан ўтириб овқатлансангиз бўларди…
Хотинининг гапи Темир аканинг ярасига туз сепди. У тутақиб кетди:
– Мунча жаврадинг? Калитни ол дегандан сўнг обке-да. Қаёққа боришим билан нима ишинг бор? Зарилдирки бораман районга, томошага кетаётганим йўқ-ку! – Хотинининг қўлидан калитни юлқиб олди. Машинани орқаси билан юргизиб чиқиб, катта йўлга ўнглаб оларкан, дарвозани ёпиш учун келган хотинига қаради: – Овқат еяверинглар. Мени кутманглар…
– Қайтиб келасизми бугун?
– Билмадим.
Темир ака шундай деб соатига қаради. Тезроқ бориш керак. Мадиёр кеп қолса, раис телефонда айтиб қўйиши мумкин.
Машинага қаттиқ газ берди. Қоронғилик бағрига шўнғиб кетган “Москвич”нинг орқа чироқлари анчагача қизариб борди-да, охири сўнди. Темир аканинг хотини кўкрагини тўлдириб келган хўрсинишдан энтикиб кетди. “Товба”, деб қўйди. Дарвозани ёпаркан, ўйларди: “Яхшиликмикан ишқилиб, бемаҳалда районда нима қилади. Ўзинг асра ишқилиб, худойим…”
Темир ака қишлоқ кўчасидан чиқиб, район марказига олиб борадиган катта асфальт йўлга бурилди. Бригадир яна соатига қаради: ўндан ўнта ўтипти. Районга ҳали ўн беш километр бор. Шошилиш керак…
Хаёлида шуларни ўйлаган сари оёғи машина газини қаттиқроқ босар, “Москвич” тобора тезлаб борарди. Рўпарадан келаётган юк машиналари, пахта ортилган тележкалар зип-зип ўтади. Темир ака икки қўли билан руль чамбарагини маҳкам ушлаганча ўйлаб борарди: “Тўғри райком секретарининг олдига кираман. Рапортни топшираман. У киши яхши одам. Раисга ўхшаб тулкилик қилмайди. Рапортимни қабул қилади. Табриклайди…” Шу тобда уч йил олдинги воқеа унинг эсига тушди. Ўшанда райком котиби Темир акага “Ҳурмат белгиси” орденини топширганди. Қўлини қаттиқ қисиб, самимий табриклаганди. “Райкомимиз ажойиб одам”, бригадир ўзича жилмайиб қўйди.
Шу маҳал нимадир қарс этди. Темир аканинг бошига бир нарса урилгандай бўлди, кўзолди қоронғилашди. Машина ағдарилдими ёки ўзими – билолмайди…
У базўр кўзини очди. Атрофга разм солди: деворлар, шифт оппоқ. Вужуди оғир, қимирлаёлмайди. “Касалхона-ку… Демак, мошинди урибман-да… – Боши лўқиллаб кетди. Инграб юборди. – Чатоқ бўпти-ку. Рапорт қаерда қолди экан”. Киссасини кўрмоқчи эди, қўлини кўтаролмади. Юрак-бағри ўртаниб кетди. Ҳалқумига нимадир тиқилиб, кўзига жиққа ёш келди. Шифт, деворлар оппоқ пахтазорга ўхшаб туюлди. Бирзум уларга термилди, сўнгра кўзларини чирт юмди, қаттиқроқ юмди…
УКА
Акмал Москвага олдин ҳам келган. Унда шунчаки, томоша қилиб кетган эди. Бу гал иш билан юрибди – семинарда қатнашяпти. Ҳар кун эртадан-кечгача лекция, сира тиним йўқ.
Бугун жуда хуноби ошди. Бор-е, деб Самарқандга қайтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Метро вагончаларининг бир маромдаги шақ-шуқига қулоқ солиб борар экан, миясида турли-туман фикрлар ғужғон ўйнарди. “Шунча йўлдан овора бўлиб келдим. Бир ҳафтадан бери тентираб юрибман.