номи улуғ, супраси қуруқ бўлиб юрганлар ҳам бор-ку!” Шуларни ўйласа, хаёлига лоп этиб акаси келади. “Йўқ, менинг акам унақалардан эмас! Тўғри, унинг тагида машинаси, кассада минг-минг пули йўқ. Аммо акамни ҳамма ҳурмат қилади. Меъмор Ҳайитов, деб гапиради. Радиодан, телевизордан акам қурган биноларни мақтайди. Акам машҳур одам. Кўп пул топиш осон, лекин машҳур одам бўлиш қийин. Қани, кимнинг акаси шунақа машҳур? Кимсан, Акмал Ҳайитов! Меъмор Ҳайитов! Ана шу одам менинг акам бўлади! Биз у билан бир қориндан талашиб тушганмиз”.
Болалигида Акмал билан Норматнинг гавдаси бир хил эди. Танимаганлар уларни эгизак, деб ўйларди. Бирининг кийимини иккинчиси кийиб қочар, шундан икковининг ўртасида тез-тез “жанжал” чиқиб турар эди. Отаси ёки онаси Акмалга иш буюрса, у Норматга айтади, Нормат эса ўзинг қил, дейди.
Бир марта қизиқ бўлган. Ўшанда Акмал ўн тўртда, Нормат ўн уч ёшда эди. Ҳайит ака Акмалга: “Ариқдан сув боғлаб кел, ҳовлидаги токларни суғорамиз”, деди. Акмал отасига индамади-ю, ташқарига чиқиб, Норматга: “Ариқдан сув боғлаб келаркансан. Отам айтдилар, токларни суғорар эканмиз”, деди. Нормат: “Алдама, ўзингга айтган. Бор ўзинг”. Униси у деди, буниси бу. Бу машмашани Ҳайит ака эшитиб қолди. Ўғилларига миқ этмади. Кетмонни елкасига ташлаб, ариқ томонга чиқиб кетди. Ака-ука отасининг мақсадини тушуниб, орқасидан эргашди. Ҳайит ака ўғиллари ортидан келаётганини сезди. Сезди-ю, билмаганга олиб кетаверди. Акмал чопиб бориб: “Ота, кетмонни беринг. Ўзим боғлаб келаман”, деди. Ҳайит ака бамайлихотир ҳолда: “Қўй, ўғлим! Сенларга бир ишни айтгунча, тинчгина ўзим қилиб қўя қолганим маъқул”, деди.
Бу гапдан Акмал ҳам, унинг орқасидан бурнини тортиб эргашиб бораётган Нормат ҳам изза бўлди. Ака-ука бир-бирига қаради. Бу қарашда “уялмайсанми?” деган маъно бор эди…
…Нормат етилиб, юзлари тўлишиб қолди. Оғир-вазмин йигит. Офтоб тиғида қорайган билакларидан йигитлик кучи ёғилиб турибди. Анча улуғсифат кўринади. Билмаганлар уни Акмалнинг акаси, деб ўйлайди. Акмал чуваккина бўлиб қолди: Ранг-рўйи бир аҳволда. Ёнғоқ соясида қолган ниҳолдай нимжон. Нормат буни акасининг кўп ишлашидан, иши оғир ва диққинафас эканлигидан, деб билади. Қачон унинг уйига борса, Акмал катта оқ қоғозга термилиб, учи игнадай қилиб очилган турли қаламлар, ҳар хил жазварлар билан нималарнидир ўлчаб, чизиб ўтирган бўлади. “Меъморлик ҳам қийин иш экан-да”. Акасига раҳми келиб кетади. “Ака, ҳадеб хонага қамалиб олиб чизма-чизиқ қилавермай, ҳар замонда қишлоқ томонларга бориб бир айланиб келинг. Ҳаво алмаштирасиз. Соғлиғингизга ҳам фойда”, дейди. Акмал сигаретни бурқситиб тутатади-да, укасининг меҳрибон кўзларига термилади. “Хўп, мана шу ишимни тугатай. Кейин, албатта бораман. Тоққа олиб чиқасанми?” “Албатта, олиб чиқаман”. Қаёқда, у иш тугар-тугамас яна бир иш топилади. Шундай қилиб баҳор ўтади, ёз ўтади, куз кетидан қиш келади. Акмал эса катта оқ қоғоз устига игнадай учли қаламлар билан одам ақли етмайдиган чизиқлар тортишдан на бўшайди, на чарчайди…
– Нима қилиб юрибсан буёқларда?