Неъмат Арслон

Ёзувчи учун атир


Скачать книгу

томоннинг тескарисига қараб ҳаракат қилишга уриниб кўрди. Балки Ундинани ўша қудратли кучдан рашк қилган ҳамда қизнинг ихтиёрини унинг измидан озод этишга урингандир, аммо эплолмади. Энди издиҳом тескари томонга қараб айланарди. Пўлат бунга ҳам қаршилик кўрсатмоқчи бўлди-ю барибир ҳамма қатори кўзга кўринмас куч бошқарган тарафга қараб ҳаракат қила кетди.

      Тунда ўт ёқиш, дам олиш ва овқатланишга ижозат берилди. Фақат шарт қўйилди: ҳамма қўлини таомга баравар чўзиши, тирсагини баравар букиши, бир вақтнинг ўзида оғзини очиши ва қошиқлар оғзига баравар кириб чиқиши керак. Овқатни чайнаш, ютиш ҳам худди шу тартибда бажарилиши керак. “Начора, кўпга келган тўй”, хаёлидан ўтказди Пўлат. Шундай оғир дамда ёнида Ундина борлигидан қувонди. Ширин хаёлларга берилди: “Бирга яшаймиз, бирга занглаймиз ва бирга ўламиз. Ҳали ўлимгача вақт кўп. Унгача анча ишларни бажаришга улгурамиз. Ана шу ишларнинг энг муҳими, фарзанд кўриш ва кўпайиш. Кўпайиш учун вужудни бошқа бир вужудга пайванд этиш керак. Фақат бунга ижозат бормикин?” Йигитнинг хаёли бўлинди. Издиҳом оёққа қалққан, одамлар турган жойларида оҳиста тебранар ва осмонга қарашарди. Пўлат вужуди енгиллашиб бораётганини ҳис қилди. Ернинг тортиш кучи деярли сезилмасди. Ундина осмонга учиб кетмаслик учун унинг белидан маҳкам қучганча қийқириб куларди, ерга тегиб-тегмай турган оёқларини енгилгина типирчилатарди. Йигит эса осмонга учиб кетмаётганлигининг сабабини қизнинг оғирлиги ҳам ўз вазнига қўшилганидан деб, уни қўйвормасликка ҳаракат қилди. Издиҳом ниманидир кутарди. Яна шивир-шивир бошланди. Осмонга учиб кетмаслик мақсадида ҳамма бир-бирини ушлаб олган. Мисли кўрилмаган улуғ воқеа юз бериши керак эди гўё. Пўлат боши узра чайқалиб турган бўшлиққа қаради. Кўзи тиниб кетди. Осмон деб номланган буюк бўшлиқнинг четлари ернинг теграсига ёки уфқларда юксалиб турган тоғларга эмас, одамларнинг бошига тегиб турганини кўриб, рубъи маскундаги бор халойиқнинг ҳаммаси шу ерга тўпланганини тушунди. Гўё одамлар боши билан осмонни суяб тургандай. Кутилган воқеа худди ана шу лаҳзада, яъни издиҳом кўкка боқиб ҳайратланиб турганда юз берди. Осмонда Ер курраси муаллақ турарди! Нима учундир Пўлат бу ҳодисани биринчи бўлиб ўзим кўрдим, деган хаёлга борди. Юрагига сиғмаётган қувончни ҳаммага эшитарли қилиб бор овоз билан қичқириб айтгиси келди.

      – Қаранглар! Қаранглар! Ер курраси! Ер курраси! Курраи Замин осмонда учиб юрибди!

      Йигитнинг нидосига ҳеч ким эътибор қилмади. Ҳатто Ундина ҳам ҳайқириқни эшитмаган, нигоҳини осмони хафтумга тикканча жилмайиб турарди. Шундай катта жисм қулаб тушса мисли кўрилмаган фожиа юз бериши мумкинлигини билишса-да, кимларнидир олқишлашар, кўм-кўк осмон сатҳида муаллақ турган куррага таҳсинлар айтишар ва бундай улуғ тарихий воқеани бошқа бирор халқ, ўзга авлод ёки аждод эмас, ўзлари кўришга мушарраф бўлганларидан фахрланишарди.

      – Бу фирқанинг иши!

      Пўлат қулоғи остида ана шундай деб шивирлаган кишига қаради