ўзига ўхшаган яна бир жонзот турарди.
– Бу набирам, – тушунтирди Азозил. – Ҳали жуда ёш. Шундай бўлса ҳам дунёнинг ишларига қизиқади. Қўлидан етаклаб сайрга олиб чиққандим, йўл бўйида ўтлаб юрган отни кўриб қолиб, унинг нималигини сўради. Бу от, жуда яхши, ақлли жонивор, одамлар уни миниб юришади, дедим. Яна бироз юрганимиздан кейин сигирга дуч келдик. Набирам унинг ҳам нималигига қизиқди. Бу сигир, сут беради, одамлар унинг сутини ичишади, зарур бўлса сўйиб ейишади, дедим. Сайрни давом эттирдик. Рўпарамизда бир одам пайдо бўлди.
– Бу нима? – сўради набирам.
– Бу одам, – дедим ва тушунтирдим. – Эҳтиёт бўл, бу жуда ёмон, барча қилғиликларни ўзи қилиб “Шайтон йўлдан урди”, деб бизга тўнкайди, дедим.
– Бу ерга келишдан мақсадинг нима? – Кўкўғлоннинг овозидаги шиддат шайтонни чўчитди шекилли, эшик томон тисарилди.
– Тўхта! – амр қилди Буроқнинг чап ёнидан жой олган Кентхаке. – Қочишни ўйлама. Биласан, мен Будданинг отиман. Бу ерда мендан-да учқур бедовлар турибди.
Шундай деб Бойчибор, Ғиркўк, Дўнан турган томонга қараб олди Кентхаке.
Ксанф билан Борисфен пишқириб, ер тепинишди. Кўкўғлон Рустами достоннинг оти Рахшга кўз ташлаб олди.
– Бу нақ қароқчининг ўзи, – шивирлади Болевар ёнида турган Дилернинг қулоғига тумшуғини тақаб, –мен уларнинг найрангларини кўп кўрганман.
– Билмадим, – жавоб қилди Дилер, – менинг соҳибим ўғрилар тўғрисида кам гапирардилар. Гарчи ўзлари зодагонлар ҳаётини кўпроқ қаламга олган бўлсалар-да, бир умр камбағаллар тарафида турганлар.
– Толстой жаноблари жуда бадавлат граф бўлганлар деб эшитганман, – суҳбатга аралашди Темпи. – Менинг соҳибим жаноб Фолкнер жаноб Толстойни ҳурмат билан тилга олардилар. Нобель мукофотини олишга бораётиб ҳам, айтишларича, “Анна Каренина”-дек улуғ романнинг муаллифини кўп марта хаёлдан ўтказганлар.
– Ўзларининг бадавлатликларидан жуда хижолат чекканлар дейишади, шу тўғрими? – сўради Россинант.
– Шундай, – тан олди Дилер, – бор мол-мулкларини камбағаллар билан бўлишиб, ўзлари ҳам улар даражасига тушишни истардилар.
– Бу қийин эмас-ку?
– Қийин эмас, лекин ул кишининг раъйларига қарши чиқишлар кўп бўлди. Бекамиз ўз оилаларини, болаларини, оқсуяклар орасида тутган мавқеларини кўпроқ ўйлардилар.
– Ҳа, унда бекангиз улуғ ёзувчини “сал анақароқ”, деб дўхтурдан қоғоз олмоқчи бўлганлари тўғрисидаги гап рост экан-да…
– Соҳибим ўз бойликларидан ор қилардилар, –деб гапни бошқа томонга бурди Дилер, – оддий рус мужикларидай кийинардилар. Одмигина бўз кўйлак кийиб, белларини чилвир билан боғлаб юрардилар.
– Демак, ул зот Нақшбандий тарафдори бўлганлар, – изоҳ берди Наххама. – Менинг хожам ҳам “Хилват дар анжуман” деган калимани кўп такрорлардилар. “Сафар дар ватан”, деб ҳам қўярдилар гоҳида.
Букефал қаттиқ кишнаб қавмни тартибга чорлади. Шивир-шивирлар босилди.
– Эй Азозил! – дея гулдурос солди Кўкўғлон, – сенинг отлар шоҳи Буроқ ҳузурида туришинг ножоиз.