ола-қуроқ оломонга қаради. Улар орасида қора ридо кийган кишилар ҳам бор. Юз ифодалари ғоят жиддий, басавлат бу одамлар кимнингдир келишини кутиб тараддудланишмоқда. Ниҳоят кутилган киши – черковнинг бош руҳонийси оломон орасини ёриб, майдонга кириб келди. Жамоа уни эҳтиром билан кутиб олиб, алоҳида жой кўрсатди. Бош руҳоний қатлгоҳга бир қараб олиб, ўнг қўлини юқорига кўтарди. “Тинчланинглар” деган бу ишора ўз ҳукмини ўтказди. Ғала-ғовур босилди. Ҳукмни ўқиётган кишининг овози томошаталаблар шуурида турли хил таъсир ўтказиб оғир бир руҳий вазият зуҳур этди. Аннабель ҳам ҳушёр тортиб, чиройли бўйнини бироз пастга эгиб узун киприкларини ерга қадамоқчи бўлгандек қотиб турарди. Афтидан у қандайдир даҳшатли ҳодиса юз беришини англар, аммо бу даҳшат нимадан иборатлигини ва у қай йўсинда зуҳур этишини тушунмасди.
Ҳукм ўқиётган кишининг овози тинди. Қўлларида машъала ушлаб турган кишилар бош руҳонийнинг имоси билан қатл майдончасига яқинлашиб келишди ва машъалаларни Аннабелнинг оёқлари остига ташлаб, ортга чекинишди. Аланга ичида қолган жонивор жон аччиғида кишнаб юборди. Атрофни қуршаб турган оломонга илтижо билан қараб, улар томон талпинди. Аммо ҳеч ким уни қутқаришга шошилмади. Руҳонийлар берган фатво таъсирида эди одамлар. Даҳшатли тиллари билан ўз ўлжасини ямлаб ола бошлади олов. Занжирлар жаранглаб садо берди, тутун ва аланга осмонга ўрлади, Аннабелнинг кўкимтир тани ва баданидаги юлдузлардек чақноқ оқ холлари оловда қовжираб буришаётганини, унинг ёллари олов ҳилида осмонга томон шовуллаб кўтарилаётганини кўриб туришди одамлар. Уларнинг нигоҳларида ўкинч ва даҳшат акс этди, аммо ўша даврда Европа мамлакатларида черковнинг таъсири жуда кучли эди. Ҳеч ким, ҳатто энг инсонпарвар кишилар ҳам француз руҳонийлари томонидан чиқарилган бу ҳукмга қаршилик қилолмади. Одамлардан нажот йўқлигини кўрган Аннабель кишанларини узишга интилиб осмонга сакради, афсуски, оёқлари ердан узилмади, оғир ғўлалар занжирбанд қилиб ташланган эди унинг тўпиқларига. Аланга ортидаги кишиларнинг қиёфалари ўзгариб, юзлари ҳар томонга қийшайиб, гавдалари шамолда тебранаётган майсадек титраётганини кўрди Аннабель, зеро ҳали унинг зийрак кўзларини маҳв этишга улгурмаганди олов. Отнинг қора чўғларида қора ридо кийган кишилар ҳам аланга ичида қолган ҳолатда акс этди ва у бутун борлиқ: одамлар ҳам, ибодатхоналар ҳам, еру осмон ҳам ёнмоқда деб тушунди. Шунда жамики отлар қавмини бундай хавфдан огоҳ этмоқчи бўлди, Аннабель бурун карраклари керилиб, лаблари қаттиқ титраб, жон аччиғида сўнгги бор кишнади. Отнинг жарангдор овози гўё бутун рубъи маскун бўйлаб таралди. Бу пайтда унинг самовий рангдаги тани бутунлай ўт ичида қолганди. Унинг танидаги юлдузлар қовжираб қуришиб-буришиб борарди. Оломон оғир сукутда.
Фақат бир жаноб ёнидаги хонимга қараб: “Агар Аннабель от бўлиб эмас, аёл бўлиб туғилганда, бутун дунё эркакларини тиз чўктирган бўларди”, деди. Жаноб шундай қайғули вазиятда ҳам фарангларга хос ҳазил қилмоқчи бўлди-ю, уддасидан чиқмади. Унинг оғзидан чиқаётган сўзлар ўкинчли оҳангларга қоришиб кетди.
2
Ичига шайтон кириб олган деб руҳонийлар