олиб қочган йигитни ўлдириб, сени “оқ” қилиб обрў тополмаслигини билади. Мен бир-икки кун сабр қилсакмикин, дегандим. Майли, эрталаб қўнғироқ қиламан. Энди ётиб ухлайлик…
Лайло бироз тинчланди. Нозимнинг қучиб, эркалашлари хуш ёқаётган бўлса-да, миясини “отам кечирармикан” деган ўй, ўша илк танишув, кейинги учрашувлар ва “гуноҳ” қилиб қўйилган оқшом кўз ўнгидан бирма-бир ўтар, гоҳ-гоҳида Фарҳоднинг: “Қачонлардир, кимнидир яхши кўрган бўлсангиз, унинг айби йўқ, ҳар ҳолда номусингизни сақлагансиз-ку”, деган гапи қулоғида жаранглаб кетарди. Аслида ўша гап Лайлонинг қочишига туртки бўлди. У Фарҳодга: “Номусимни сақлай олмадим”, деб айта олмади. Дугоналаридан бунинг “чораси” борлигини эшитган, бироқ бу чорани қандай қилиб топишни, кимга учрашни билмас, онасига айтишга қўрқарди.
Бу орада тўй яқинлашиб қолди. Лайло: “Энди нима бўлса бўлди, Фарҳодга ростини айтиб, оёғига бош урсам, балки кечирар, замонавий йигит-ку”, деб ўйлади. Кечирмаса… лоақал уч-тўрт ойдан сўнг “характеримиз тўғри келмади”, деб ажралишиб кетармиз”, дея ўзича режа тузди. Тўй куни келин-куёв “Сицилия” ресторанига кириб кетишаётганда, Лайлонинг кўзи зина четида турган Нозимга тушди. Худди ҳалокат ичра нажоткорини топгандек, кўзи чарақлаб кетди. Нозимнинг “бир амаллаб ташқарига чиқ” деган имосини тушунди. Хуллас, орадан ўн минут ўтар-ўтмас, улар минган “Жигули” шаҳардан чиқиб кетгач, енгил нафас олди.
Энди бўлса, пушаймон қилиб ўтирибди. Тўй бузилди, отамнинг юзи ерга қаради, деб куюнаяпти. Яна бир хаёл: “Ҳарқалай шармандаликдан қутулдим-ку”, дейди. Агар Фарҳод тўйнинг эртасигаёқ ҳайдаб юборганда бундан ҳам баттар шармандалик бўлмасмиди? Ҳарҳолда никоҳгача қочди-ку.
Сўнгги фикр Лайлони буткул овутди. Нозимнинг мушакдор йўғон билагига бошини қўйиб, уйқуга кетди…
Айни шу дамда пойтахтдан анча олисдаги шаҳарда, Миртожибойнинг чорбоғида гўё спектаклга айлантирилган тўйнинг оғир муҳокамаси давом этмоқда эди.
МИРТОЖИБОЙНИНГ ҚАҲР-ҒАЗАБИ
Миртожи келин-куёвнинг никоҳини ўқитгач, хотини билан уйга қайтар экан, олти юзинчи русумли “Мерседес” машинасининг ичи сув қуйгандек жимжит эди. Анча жим кетишди. Машина шаҳардан чиқиб, Миртожибойнинг Қозиравотдаги ҳашаматли чорбоғига яқинлашди. Тушиб, ҳовлига киришди. Шунда у дабдурустдан заҳрини хотинига сочди.
– Нега қочади? Ким билан? Қаёққа?
– Вой, ман на билай, – деди хотини ўзининг қишлоқча лаҳжасида.
– Нега билмайсан? Туғиб ўстирган қанжиқ сенмисан ё мен у қизни мўлтонидан тилаб олганмидим? Қани айт, қаерга қочирдинг?
– Худо урсин, ўлай агар, отаси, агар бирон гапдан хабарим бўлса…
– Бўпти, қани уйга кир. Кейин гаплашамиз…
Миртожи кийимларини ечибоқ, ўзини ҳовли саҳнидаги каттакон мармар ҳовузга отди. Муздай сув анча ўзига келтирди. Қизиган қони совиди. Бироз сузиб, сувдан чиқди. Хотини ёнидаги курсига ўтирди.
– Қани, эсла-чи, яқин орада бирон йигит билан тез-тез учрашганини, телефонда кўпроқ гаплашганини сезганмисан?
– Бир бола… икки-уч