Хабиб Темиров

Қасос ва муҳаббат


Скачать книгу

сени… Сен у билан юрганмидинг олдин, – деб сўради босиқ овозда. – У аблаҳ…

      – Бизлар севишганмиз, дада, у ёмон бола эмас. Бизларни кечиринг. Бизлар никоҳ ўқитдик, энди ЗАГСга бормоқчимиз. Розилик беринг. Агар розилик бермасангиз, ўзимни ўлдираман…

      – Шошма, шошма, – деди Миртожи. – Майли, бўлар иш бўлибди. Сенинг ўрнингга Фарҳодга Шаҳлони узатиб юбордик. Қўрқма. Сени ҳеч ким, ҳеч нарса қилмайди. Нега у бола… агар севган бўлса, одамга ўхшаб совчи юбормади.

      – У йўқолиб қолганди. Тўй куни топилди.

      – Э, йўқолиб ўлсин, падар лаънат. Бўпти. Қаердан қўнғироқ қиляпсизлар?

      – Ҳозирча айтолмайман.

      МУДҲИШ РЕЖА

      Миртожибой гумашталари орқали қочоқлар жойлашган манзилни бир зумда аниқлади. Аниқлади-ю… юраги шувиллаб кетди.

      – Қозоқ бозорининг орқасида дедингми? Қанақа кўча экан? Ие… Нечанчи уй? А?..

      Миртожи нима қилишини билмай, боши қотди. У Нозимнинг Лайло билан ЗАГСдан ўтишга бу қадар шошилаётганининг сабабини тушуниб турарди. Шу йўл билан ўз жонини сақламоқчи. Қани кўрамиз…

      – Сен уларни топиб, ётиғи билан гаплаш, – деди у ёрдамчиси Қўшоқбойга. – Майли, бўлар иш бўлибди. Қўрқишмасин. ЗАГСдан ўтиб олишган бўлса, янаям яхши. Энди… мундайроқ бўлсаям бир тўй қилиб юборишимиз керак. Ўша шаҳарда ўзлари танлаган ресторанда… Маниям пойтахтда ошна-оғайни, ёр-биродарларим кўп. Улар келишади. Йигит ҳам қариндош-уруғи, ёру дўстларини чақирсин. Хуллас, сен Қўшоқбой, тўй кунини белгилаб қайтасан, тушундингми?

      – Тушундим, Мир ака, – деди Қўшоқбой хўжайинининг бу қадар тез юмшагани, “тўй қилиб бераман” дея ҳиммат кўрсатаётганидан лолу ҳайрон эди.

      Дарвоқе, бу хилда тез юмшашидан Миртожибойнинг ўзи ҳам бир қадар ажабланди. Эҳтимол, бунга сабаб қизининг ўзига таниш бўлган “тарихий манзил” – Қозоқбозор ортидаги маҳаллада қўним топганидир. “Ҳайҳот, ҳаётда қанақа тасодифлар бўлади-я”, деб ўйларди у ва беғубор ёшлиги, биринчи муҳаббати ҳақида ширин хаёлларга берилди. “Эҳ, Тўтиё, Тўтиё! Нега йўлларимиз айри тушди. Нега қисмат бизларни ажратиб юборди. Ахир мен сени севардим-ку. Сенинг тоғ қизларига хос ҳуркак нигоҳингни, шифобахш тоғ гулларининг ҳиди анқиб турган вужудингни эсласам, ҳали-ҳали юрагим энтикиб кетади-ку…”

      Ногаҳон Миртожининг кўз ўнгида Тўтиёнинг бозорда кўрган бадқовоқ эри пайдо бўлди. “Топиб олган қоравойингни қара-ю”.

      Ширин ўйлар ўрнини ғазаб эгаллади. “Мен ким, Миртожиман-а! Аллақандай бир бетайин бола менинг қизимга кўз олайтириб ўтиришини кечира оламанми? У илон атайлаб қўйнимга кириб олмоқчи бўлаётган эмасмикин? Эҳтимол, уни душманларимдан бирортаси тезлагандир… Йўқ! Нима бўлсаям, тўйни ўтказиб, бу ишни бости-бости қилиб юбориш керак. Агар у… илон бўлса, бошини янчиб ташлаш қийин эмас”.

      ЯНА ТЎЙ ТАДОРИГИ

      Қўшоқбой билан Нозим “Товус” кафесининг айвонида қаҳва ичиб ўтиришибди.

      – Мен сизга айтсам, куёвбой, исмингиз нима эди, ҳа, Нозим-а, Нозимбой, гапнинг эркаги шу – Миртожибой акадек мард инсонни етти ухлаб тушингиздаям кўрмаган бўлсангиз керак. Шарти оддий – уйига совчи юбориб, тўй маслаҳатини