Одил Ёкубов

Улуғбек хазинаси


Скачать книгу

юз ўгирдинг, дедилар. Тахт соҳиби бўламан деб, шундай етук салоҳиятингни жувонмарг қилдинг, дедилар…

      Али Қушчи ўрнидан бир тебраниб, “Ё раббий!” – деб юборди.

      Мирзо Улуғбек ялт этиб қаради, чуқур ботган ўйчан кўзларида савол аломати жилва қилди.

      – Валинеъмат устод афв этсинлар, – деди Али Қушчи ўнғайсиз ланиб, – ва лекин мен ҳам бир-икки сония муқаддам худди шу фикрни кўнглимдан кечирган эдим…

      Мирзо Улуғбек ёқут кўзли олтин узук тақилган ўрта бармоғи билан нақшинкор хонтахтани чертганча яна сукутга толди. Унинг ўсиқ қошлари бир-бирига туташиб, ўртасида чуқур чизиқ пайдо бўлди. Али Қушчи унга тасалли бериш ўрнига аламли қалбини баттар тиғлаганини сезиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди.

      – Мавлоно Али! – деди Мирзо Улуғбек, кўзларини бир нуқтадан узмай. – бандаи ожиз Мовароуннаҳрга салкам қирқ йил раҳнамолик қилдим. Наҳот бу борада қилган меҳнатим зое кетди, деб ўйлайсен? Наҳот илм йўлида, Мовароуннаҳр осойишталиги йўлида нафим тегмади деган фикрдасен?

      Устоднинг ғам-андуҳга тўла овози фавқулодда титраб кетди-ю, Али Қушчи густоҳлик қилганини сезиб, лабини тишлади. Устоднинг бошида қора булутлар қуюқлашган бир пайтда бу нозик гапни қўзғаб, унинг дилини оғритмоқ инсофданми? Али Қушчи ўз хатосини тузатишга шошилди:

      – Маъзур кўргайсиз, устод. Бу борада сиз ҳазратимнинг қилган хизматлари шундай улуғдирким, бунга шак-шубҳа йўқдир…

      Мирзо Улуғбек тоқатсизлик билан бош чайқади.

      – Камина барига тушунамен, Али! Аммо ҳодисалар силсиласи18 шундайким, буни илм аҳли идрок этишдан ожиздир. Фозиллар ақли шоҳлар ақлидан ожиз бўлганидан эмас, йўқ! Билъакс, Ҳақ таоло сизларга шундай поклик ато этганким, шоҳлар ҳаётининг мислсиз разолатини идрок этишдан ожиздурсиз!

      Мирзо Улуғбек бўғилиб кетгандай томоғини силаб уҳ тортдида, гўё шогирди билан баҳслашаётгандай қўл силтаб:

      – Йўқ! – деб хитоб қилди. – Мен салтанатдан айрилишдан қўрқмаймен. Фақат бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган бойлигим – мадрасаю расадхонам, нодир хазинам – тўплаган кутубхонам ва ниҳоят, яратган асарларим – барчаси поймол бўлишидан қўрқамен. Ҳа, фақат шундан қўрқамен. Тағин бир нарсадан – келгуси авлодлар бандаи ожиздан ҳазар қилмасму, деб қўрқамен. Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очмоқни тилаган, фозилликни даъво этган мавлоно, ҳайҳот, охир-оқибат барча шоҳ, барча тахт соҳибларидай салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу тахт талашибдур-да, деган ном қолдирмоқдан қўрқамен, мавлоно Али!

      Али Қушчи юраги тикан санчилгандай безиллаб:

      – Келгуси авлод тарихга қараб ҳукм юритадур, устод! – деди. – Тарихни эса илм аҳли битадур. Илм аҳли сизнинг маърифат йўлида қилган хизматларингизни эсларидан чиқармас. Бунга шубҳа қилмагайсиз, устод!..

      Мирзо Улуғбек бошини оҳиста тебратиб, дардли жилмайиб қўйди.

      – Ташаккур, Али…

      Шу пайт гурс-гурс оёқ товушлари эшитилиб, олдин саройбон, унинг орқасидан овларда кабобпазлик қиладиган