Қараманг! Кейин кўз олдингиздан кетмайди. Характери бўшроқ одам, сахарний бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, – деди Неъмат ака эшик томон диққат билан тикилар экан.
– Ие, Андропов билан Гришин биз томонга келяпти – дея дик этиб ўрнидан турди.
Ҳақиқатдан ҳам портретларидан таниш икки киши ҳеч бир қўрима ва дабдабасиз биз томон келишарди. Сабаби биз турган ердан қаршидаги фожианинг манзараси аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
Йиғилганлар билан бош ирғаб саломлашган икки раҳбар бир муддат шимолий блокдаги вазиятни кузатдилар.
– Жабрланганлар йўқми? – сўради Андропов бизга қараб.
– Йўқ, Юрий Владимирович! – жавоб қилди уларга энг яқин турган Неъмат ака.
– Сизлар қайси блокдан, – яна сўради Андропов.
– Ғарбий блокданмиз!
– Қаранглар бу фалокатни! Ҳозир ўчиришади. Хоналаринга чиқиб ётасизлар! Сизларга саломатлик тилайман! – деди Андропов шериги билан залнинг ўнг томонига қараб юраркан.
Улар ёдгорликлар сотиладиган дўкон олдидаги диванда ўтирганича гурунглашарди. Шу тариқа ярим кеча, ёнғин ўчирилгунга қадар кетишмади. Биз ҳам уларга тикилганча ўтиравердик.
Қайтаркан яна бир бор тўпланиб турган биз лекторларнинг олдимизга келиб хайрлашишди.
…Москвадан қайтганимдан кейин Георгий Александрович Крайнов мени Шароф Рашидовичнинг қабулларига етиб келишимни айтиб телефон қилди.
Қабулхонага кирганимда икки киши, ёзувчи Саъдулла Кароматов ва актёр Ўлмас Алихўжаев ўтиришарди.
Шароф Рашидович дастлаб Саъдулла акани қабул қилдилар. Сўнгра Ўлмас Алихўжаевни. Энг охирида мен кирдим.
– Юрий Владимирович Андропов Марказий телевидениеда намойиш этилаётган "Оловли йиллар" фильмини қизиқиб кўраётган эканлар. Фиьлм ҳақида илиқ сўзлар айтиб, режиссёр Шуҳрат Аббосов ва Ҳамза ролини ижро этган Ўлмас Алихўжаевларни табриклаб қўйишимни сўрадилар. Суҳбатлашдим. Алихўжаев яхши йигит экан, – дедилар Шароф Рашидович суҳбат давомида.
Шунда мен у кишига "Россия" меҳмонхонаси ёнғинида Андропов ва Гришинни кўрганимизни айтдим. Бола билан бола, кекса билан кекса бўлиб суҳбатлашадиган Шароф Рашидович ҳикоямни қизиқиб тинглаган эдилар. Мана шу воқеаларга ҳам қирқ йил бўлибди. Шоҳдир, гадодир, бу дунё унга омонатдир. Бироқ бир кунлик умримиз қолса-да инсофга келиб, феъл-атворимиздаги қусурлардан халос бўлиб, инсофу инсонийликнинг олий чўққисига кўтарила олмаймиз.
Ким хақиқий инсон?
Инсонликдан насибини олган инсон.
Инсон каби инсон бўлиб қолган инсон.
Ўзгаларнинг ғаму ҳасратига ҳамдарду хайрихоҳ бўлиш учун инсонийлик кифоя. Бироқ ўзгаларнинг қувончига хайрихоҳлик қилиш учун эса фаришта бўлмоқ керак деганида олмон ёзувчиси Жан Поль минг карра ҳақ эди.
Мен узоқ изладим ва шайтонлар орамизда биз ўйлагандан ҳам кўплигини кўриб шом тубим қоронғу бўлди. Бироқ фаришта ва фаришталарни учратмадим…
Ҳақиқат доимо оддий ва табиий бўлади. Америкадан Андоррага қадар дунёнинг барча мамлакатларида