сўнгра қоқинди ва бутун гавдаси билан ағдарилиб тушди.
У шу кўйи ерда юзтубан ётганича қайта ўрнидан турмади.
Кутилмаганда Диана жазавали кула бошлади. Ғалати ва қўрқинчли қаҳ-қаҳа ўрмон тинчини бузди. Эллиот қаҳр-ғазаб билан олдинга интилди.
– Мен бошқа чидолмайман! – бақирди у. – Тур, Дик. Турсанг-чи!
Аммо Ричард Хейдон йиқилган жойида ётаверди. Эллиот югуриб келди-да, чўккалаб, эҳтиёткорлик билан Ричарднинг бошини тепага ўгирди ва юзига тикилди. Кейин бирдан сапчиб ўрнидан турди.
– Доктор! Худо хайрингизни берсин, тезроқ келинг. Менимча, у ўлганга ўхшайди.
Саймондс унинг ёнига югурди. Эллиот эса секин-секин биз томонга кела бошлади. Негадир унинг ҳаракатлари беўхшов эди.
Гап нимадалигини тушуниб етган Диана энди бор овозда фарёд сола бошлади:
– Мен уни ўлдирдим! Эй Худо! Бундай бўлишини хоҳламагандим-ку? Наҳотки, мен қотил бўлсам?
Шундай дея у ўтлар устига беҳол йиқилди.
Шу пайт Рожерс хонимнинг саросимали овози эшитилди:
– Бизга ҳам бир нарса бўлмасидан бу қўрқинчли жойдан кетайлик. Қандай даҳшат!
Эллиот қўлини елкамга қўйди.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, – шивирлади у. – Сизга айтяпман, бўлиши мумкин эмас. Инсонни худди шундай ўлдириш мумкинлигига ишонмайман. Бу… бу – қандайдир ғайритабиийку!
– Амакиваччангизнинг юраги хаста эди-ку, – мен уни тинчлантиришга уриндим. – Балки ҳаяжон, руҳий зўриқиш ўз кучини кўрсатгандир.
– Сиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз, – дея Эллиот сўзимни бўлди ва кафтини очди. Унинг кафти қон эди. – Дик касалликдан ўлгани йўқ. У тиғ зарбидан жон берди. Лекин, ажабланарлиси, бу ерда ҳеч қандай қурол йўқ эди-ку?!
Таажжубланиб унга тикилдим. Бу орада Саймондс марҳумни текшириб бўлди ва олдимизга келди. Унинг ранги оқариб кетган ва қалтирарди.
– Наҳотки ҳаммамиз ақлдан озган бўлсак? – сўради Саймондс. – Агар шундай ҳодисалар бўлиб турса, бу қандай жой ўзи?
– Демак, бу ҳақиқат экан-да, – дедим мен.
У гапимни тасдиқлагандай ишора қилди.
– Зарба узун, ингичка ханжар билан етказилган бўлиши мумкин, бироқ мен ҳеч қандай ханжарни кўрганим йўқ.
Бир-биримизга қарадик.
– Ундай бўлса, ханжар шу ерда бўлади! – таъкидлади Эллиот Хейдон. – У шу атрофда, қаердадир ётибди, қидириб топиш зарур.
Ўтлар орасини пайпаслай бошладик, шунда Виолет Маннеринг:
– Ҳа, эсимга тушди, Диананинг қўлида нимадир бор эди. Ханжарга ўхшаган бир нарса. Ҳа, рост. У Ричардга таҳдид қилаётганда нимадир ярақлаб кўринганди, – деб қолди кутилмаганда.
– У лоақал уч қадам ҳам унинг яқинига бормаганди, – эътироз билдирди Эллиот Хейдон.
Маннеринг хоним беҳуш Дианага энгашди-да:
– Ҳозир унинг қўлида ҳеч нарса йўқ, ерда ҳам ҳеч нарса кўринмайди, – деди. – Виолет, адашмаганингга ишончинг комилми?
Доктор Саймондс ҳам Диананинг олдига келди:
– Уни уйга олиб бориш керак. Рожерс, ёрдамлашворинг. Аввал мисс Эшлини олиб кетамиз. Сўнг Ричард билан