битта ифода.
Туман босган адирлар
аро эрир қуёш ҳам,
йўлларда сап-сариқ чанг
кўтарилар подадан.
Қош қорайди, оғайни,
ўй сурасиз бемалол,
уйга бориб ётволинг,
суравермай кўп хаёл.
Ҳали сизни қумурсқа
галалари еган чоқ
юлдуз тўла осмонни
кўрволасиз яхшироқ.
Қани, ҳа, имилламанг,
қолманг-да тағин бесар,
тунингиз яхши ўтсин,
дўстим, Дон Калтакесак!
Ҳувиллаб қолар дала,
адирларга чўкар тун,
сўқмоқларда бу палла
фақат ёлғиз бод елар,
фақат гоҳо қоронғу
теракларнинг авжидан
какку овози келар.
БУЗИЛГАН ТОМОША
Уйқусираб, тумтайиб
ой жим сузиб келади.
Ўйпараст тун оромин
босиб, бузиб келади.
Муаззин қурвақалар
қайга ғойиб бўлдилар?
Қамишзорни кийволган
ирмоқ бўғиқ ғўлдирар.
Майхонада машшоқ жим,
эшитилмас бирор сас.
Юлдуз яшил сайҳонда
жавлон уриб тушар рақс.
Тоғ пойида ўлтирар
шамол хўрлиги келиб.
Пифагор – кекса терак
кўтарди улкан қўлин,
адабсиз ой юзига
тарсаки урмоқ бўлиб.
ПИНҲОНИЙ МАНЗУМА
Қайда қолди юраги,
илк бора алифбога
эси кетган болакай
юраги қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Қақраган дудоғимдан
баҳорий ёмғир каби
ўтиб кетган хаёлий
биринчи бўса қани,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Биринчи шеърим ҳисси.
Толим-толим сочлари,
хўмрайиб қараган қиз,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Илонлар уймалашган
фалсафа оғочида
эзилиб пишган ёлғиз
юрагим қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Уйқуда моғор босган
сирли соялар тўла
дайди ишқим қасрини
қайдан сўрасам бўлар,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Ў, каттакон дард, оғриқ,
ёлғиз ғорлар зулмати
сени енгмакка қодир,
шундаймасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Адашган юраккинам!
Requiem aeternam!
ДЕНГИЗ СУВИ МАНЗУМАСИ
Жилмаяди
денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
мовий дудоғи.
– Не сотасан сийнаси
очилган